Россия ҳукумати ота-оналари томонидан Ироқ ва Сурияга олиб чиқиб кетилган болаларни мамлакатга қайтариш ҳаракатида. Уларнинг ота-оналари ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан ёлланган, деб хабар бермоқда RT телеканали.

Таъкидланишича, гап 48 нафар вояга етмаган бола ҳақида бормоқда. Улар суд қарорига кўра вақтинчалик бошпаналарда қолмоқда. Болаларни ватанларига қайтариш учун, уларнинг онаси ёки отаси Россиядан эканини исботлаш зарур.

Россия ҳукумати болаларни Ироқдан қайтариш бўйича июль ўрталарида чоралар кўришни бошлади. Бу Мўсул шаҳри жангарилардан озод этилгач, рўй берди. Айни дамда Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Чеченистон Республикаси, Россия Федерациялар Кенгаши вакиллари бу борада музокаралар ўтказаётгани айтилди.

Аниқлик киритилишича, болаларнинг Ироқдан эвакуацияси икки босқичда ўтказилади: аввалига барча болалар Иорданияга олиб чиқилади, у ердан эса Россияга қариндошлари олдига юборилади.

Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москва вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳининг икки тарафдорини қўлга олишгани хабар берилганди.