DJI компанияси томонидан ташкиллаштирилувчи RoboMasters роботлар ўртасидаги мусобақа бир неча йилдан бери ўтказиб келинади. Жорий йилда мусобақада 200 жамоа қатнашиб, улардан 32 тасигина финалга етиб борди. Ҳал қилувчи босқичда эса Жануби-Хитой технология университети вакиллари ғалаба қозонди.

Таъкидлаб ўтиш лозим, RoboMasters бундай турдаги ягона мусобақа эмас, бироқ энг мураккабларидан бири. “Жангда” ҳар бир томондан 5 та автоном роботлаштирилган механизмлар қатнашади: муҳандис, «танк», дрон, жанговар робот ва база ҳимоячиси. Жамоалар баскетбол майдончаси билан баробар ҳудудда беллашади. Иштирокчи роботларнинг ҳар бири датчик билан жиҳозланган. Агарда мўлжалга аниқ тегилса, “ҳаёт очколари”нинг бир қанчаси олиб ташланади. Агарда “ҳаёт чизиғи” нолга тенглашса, робот йўқ қилинган, деб ҳисобланади. Рақибнинг базаси ёки барча роботларини йўқ қилган жамоа ғолиб саналади.

RoboMasters’нинг финал босқичлари 20 та давлатдан 800 мингдан ортиқ томошабинни онлайн тарзда ўзига жалб қилди. Ғолиб жамоа тўртта финал жангида қатнашди, уларнинг ҳар бири 7 дақиқа давом этди. Ғолиблар тахминан 30 минг АҚШ доллари олишди.