Суриянинг Раққа шаҳрига ИШИД террорчилик гуруҳи ҳокимияти остида яшаш учун келган индонезиялик 17 фуқаро Индонезия ҳукуматига топширилди. Улар кейинчалик шаҳарни тарк этишган, деб хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс агентлиги.

Агентликка суриялик курдлар вакили Умар Аллоушнинг маълум қилишича, индонезияликлар ҳукумат кучларига сешанба куни Сурия-Ироқ чегара пунктида топширилган. Унинг сўзларига кўра, эркаклар, аёллар ва болалардан иборат бўлган бу гуруҳ ўзларини уйга қайтаришни сўраган. Ироқ ҳукумати ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади.

Агентлик маълумотига кўра, икки йил аввал 17 кишидан иборат индонезияликлар оиласи Жакартани Сурияга келиш ва Раққада ИШИД ҳокимияти остида яшаш мақсадида тарк этган. Улар шафқатсизлик ва террор билан тўқнаш келгач, бу ердан қочишга қарор қилишган.