Жорий йилнинг 13 август куни соат 10:50 да Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Кармакова Т. тоғда адашиб қолганлиги тўғрисида Тез ҳаракат қилиш марказ отряди тезкор навбатчисига хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабар берувчининг берган маълумотига қараганда, Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғи “Кичик Чимён” тоғ рельефларига ўзи билан жами 5 нафар фуқаролар дам олиш мақсадида юқорига кўтарилишади ва адашиб қолишади.

Мазкур ҳолат юзасидан, Тез ҳаракат қилиш марказ отрядининг қутқарув гуруҳи соат 11:08 да воқеа жойига чиқиб борди.

Шу куннинг ўзида, тахминан соат 12:45 да адашиб қолган фуқаролар “Кичик Чимён” Гулкам қумли довонининг тоғ рельефларида аниқланиб, улар хавфсиз ҳудудга соғ-саломат олиб туширилади. Қутқарув ишлари давомида фуқароларга ҳеч қандай тан жароҳати етмади.