Жорий йилнинг 29 июлидан 12 августга қадар Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида учинчи халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан келган 28 мамлакатнинг 150 дан зиёд жамоаси қатнашди. Юртимиз ҳимоячилари мазкур халқаро умумармия ўйинларида 29 та танловнинг атига 8 тасида қатнашиб, 5 та совринли ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Кун.uz’га Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Йўл патрули”, “Мерганлик марраси”, “Қуролсоз уста”, “Мусаффо осмон” каби 8 та танловларда иштирокчи, “Танк биатлони”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Дала ошхонаси”, “Осмон калити”, “Автобронетанк техникаси устаси”, “Ҳарбий ралли”, “Муҳандислик формуласи”, “Рембат”, “Ҳамдўстлик жангчиси”, “Артиллерия устаси”, “УУА (учувчисиз учиш аппаратлари) экипажлари мусобақаси”, “Суворов шиддати”, “Хавфсиз муҳит”, “Десантчилар взводи”, “Авиадартс” каби 15 та мусобақаларда эса кузатувчи сифатида қатнашди.

Шу кунларда Тошкент халқаро аэропортида Халқаро армия ўйинларининг навбатдаги совриндорлари, яъни “Қуролсоз уста” танловида иккинчи ўринни ҳамда “Қўшин разведкаси аълочилари” ва “Йўл патрули” танловларида фахрли учинчи ўринларни эгаллаб қайтган Ватан ҳимоячилари катта тантана билан кутиб олинди. Тадбирларда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, совриндорларнинг яқинлари иштирок этди.