АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда ҳайкаллар бузилишига қарши чиқди ҳамда ОАВни тарихни ўзгартиришга уринишда айблади. У бундай фикрларини Нью-Йоркдаги чиқишида билдирди.

“Бугун Стоунуолл Жексон (Фуқаролик уруши вақтида Конфедерация генерали) ҳайкали бузиб ташланади, эртага Жорж Вашингтон ёки Томас Жефферсон (АҚШ асосчилари)  ҳайкаллари бузиладими? Ўзимизга “Бунинг ҳаммаси қаерда тугайди?” деган савол беришимиз керак”, деб айтган Трамп. 

Унинг фикрича, Вашингтон ва Жефферсон ҳайкалларини ҳам жанубликларга қўйилган ҳайкаллар ҳолатидаги важлардан фойдаланиб бузиб ташлаш мумкин. Трамп АҚШ асосчилари ҳисобланувчи бу шахслар ҳам йирик қулдорлар бўлганларини эслатиб ўтди.

АҚШда қулликни кучда қолдирган судья ҳайкали бузиб ташланмоқчи  

Трамп журналистларга юзланиб, “Сиз тарих ва маданиятни ўзгартирмоқдасиз!”, деб айтган.

У, шунингдек, ҳайкаллар атрофидаги зиддиятларда қарама-қарши томонларнинг иккиси ҳам айбдор эканлигини айтди. “Бир томондан бир гуруҳ, иккинчи томондан иккинчи гуруҳ бор, улар орасида тўқнашув содир бўлган, буни кўриш даҳшат эди”, деб айтган Трамп.  

12 августда Шарлоттсвиллда неонацистлар маҳаллий ҳукуматдан конфедератлар генерали  Роберт Эдвард Лига қўйилган ҳайкални бузиб ташлаш ғоясидан воз кечишни сўраб тартибсиз митинг ўтказишган. Шундан кейин улар ва уларга қарши чиқувчилар ўртасида тўқнашувлар юз берган. Бу тўқнашувларда 15 киши жабр кўрган.

Кейинроқ миллатчиларнинг акциясига қарши чиқаётганлар намойишида оломонга катта тезликда автомобиль келиб урилган. Бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 19 киши жароҳат олган. Шу куннинг ўзида намойишларни мониторинг қилаётган полиция вертолёти қулаган, унинг ичидаги 2 киши ҳалок бўлган.