Оқ уйнинг бош стратеги Стив Бэннон телефон интервьюсида Шарлотсвиллда тартибсизликлар келтириб чиқарган миллатчиларни “масхарабозлар” деб атади, дея ёзмоқда Telegraph нашри.

Хабар қилинишича, Бэннон унинг гаплари ёзиб олинаётганини билмаган.

Нашр унинг сўзларини Оқ уйнинг коммуникациялар бўйича собиқ раҳбари Энтони Скарамуччи берган интервью билан таққослаган. У ўз ҳамкасблари ҳақида салбий фикрларни билдирганди.

Шунингдек, Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси суҳбат давомида маъмуриятнинг Трампга, унинг Шарлотсвиллдаги ҳодисалар бўйича сўзлари юзасидан нисбатан билдирилаётган танқидларга реакцияси ҳақида ҳам тўхталган. Нашрнинг ёзишича, «Бэннон ўзи Breitbart News сайти муҳаррири бўлган пайтда ривожланишига ёрдам берган миллатчилик ҳаракати ҳақида салбий фикрларни билдирган».

Аввалроқ Трамп ОАВга махфий маълумот берилишида Стив Бэннондан гумон қилаётгани хабар қилинганди.