“Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмини суратга олиш майдончасида Буюк Британия шаҳзодалари Уильям ва Ҳаррининг севимли фильмда роль ижро этиш ҳақидаги болаликдаги орзулари ушалди.

Маълум қилинишича, фильмда штурмчи ролини ижро этган актёр Жон Бойега BBC Radio 4 радиостанцияси журналистлари саволларига жавоб бериш вақтида шаҳзодалар ҳақиқатан ҳам фильмда суратга тушишганларини тан олган.

“Сир тутишлар жонимга тегди, барибир ҳамма яқинда ҳаммасини билиб олади. Ҳа, улар суратга олишда иштирок этдилар. Мен уларнинг иштироки ҳақида савол беришганда жавоб беришдан қочишдан чарчадим”, деб айтган Бойега.

Таъкидланишича, ака-ука шаҳзодаларнинг фильмдаги роллари эпизодик бўлиб, улар штурмчилар ролини ижро этишган.

Айтиш жоизки, бу ҳақдаги гаплар ОАВда бир йил аввал пайдо бўлганди. Бироқ ўшанда қироллик уйи матбуот хизмати ҳам, фильм продюсерлари ҳам бу маълумотни на инкор этишганди ва на тасдиқлашганди.