Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ҳукуматидан Гулнора Каримованинг кўчмас мулкларини ҳибсга олишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги Россия Федерацияси Бош прокуратураси матбуот хизматига асосланиб хабар тарқатди.

«Россия Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан Гулнора Каримова жиноий иши бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров келди. Унда кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш сўралган», — дейилган хабарда.

Хабарда айни дамда сўров кўриш жараёнида экани, сўровда кўрсатилган маълумотлар махфийлиги қўшимча қилинган.

ОАВ Гулнора Каримова Москвадаги «Камелот» турар-жой комплексида майдони 420 квадрат метр бўлган пентҳаус ва Рублево-Успенск шоссесидаги кошонага эгалик қилгани ҳақида хабар топган. Пентҳаус 4-4,5 миллион долларга баҳоланган, шосседаги данғиллама уйлар эса 60 миллион долларгача туриши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши товламачилик ва солиқдан қочиш ҳолатлари бўйича жиноий иш очилган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи катта миқдорда давлат ва бошқа шахслар мулкини ўзлаштиришда айбланмоқда. У 2001 йилдан 2013 йилгача бўлган муддатда жиноий фаолият юритган ва давлатдан 2 миллиард долларга яқин маблағ ўғирлагани айтилади.

2015 йил августида суд уни 5 йил муддатга озодликдан чеклаган.

2017 йил июлида Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш тафсилотларини ошкор қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Буюк Британия, Швейцария, Франция, Россия, Латвия ва Ҳонконгда Гулнора Каримовага тегишли бўлган кўчмас мулкларни аниқлаган. Ундан ташқари хориждаги банкларда миллионлаб евро миқдорида маблағлар сақланаётгани аниқланган.

Ўзбекистон 12 давлатдаги активлар миқдорини 1,5 миллиард долларга баҳолаган. Бош прокуратура бу давлатларда аниқланган мулкларни Ўзбекистон фойдасига мусодара қилиш ҳақида сўровлар юборган.