Афсоналарга кўра қадим замонда Озарбойжон юртидан ўтиб бораётган карвондаги бир туя касаллик туфайли ҳолдан тойиб, йиқилиб қолади. Сувсираб, толиққан жонивор ўзини яқин ўртада жойлашган балчиқли ботқоққа жон ҳолатида ташлайди. Карвондагилар туяни ботқоқдан тортиб чиқаришни ортиқча иш билиб, уни шу ерда ташлаб кетишни маъқул билади. Орадан маълум вақт ўтиб, туясини ботқоқда «унутиб» қолдирган ўша кишилар орқага қайтар эканлар, мўъжизага гувоҳ бўлишади. Улар ўлар ҳолатда ташлаб кетган туя нафақат тирик, балки бақувват, бардам ва тетик ҳолда атрофни айланиб юрарди.

Кейинроқ, дунёда биринчи бўлиб замонавий кўринишдаги нефть 1848 йилда Озарбойжонда қазиб чиқарила бошлади. Нефть мавжуд ҳудудларни ўрганувчи бир гуруҳ немис мутахассислари 1868 йили бу ўлканинг, бугунда Нафталан деб номланувчи ҳудудига келишади. Гарчи улар Нафталанда бой нефть конларини топишсада, уларнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Зеро, улар топган нефтда ёқилғи фракциялари мавжуд бўлмаган. Бошқача қилиб айтганда, бундай нефтни ёқилғи сифатида сотиб бўлмасди. Яхшики, тарвузи қўлтиғидан тушаёзган немис мутахассислари тез орада Нафталанда топилган нефтнинг ўзига хос шифобахш хусусиятларини кашф этишади. Натижада, мазкур қора олтиндан турли доривор воситалар тайёрлаш орқали мўмай даромад қозона бошланди.

Нафталан сўзи озарчада «нефть олинган жой» деган маънони англатади. Бугунги кунда ушбу ном билан юритилувчи шаҳарча пойтахт Боку шаҳридан 350 километр ғарбда жойлашган бўлиб, дунё миқёсида ўзининг шифобахш нефти билан машҳурдир. Нафталан ҳудудида қазиб олинадиган суюқликнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, у «ёш нефть» ҳисобланиб, ўзида мужассам этган фойдали моддалар инсонда учрайдиган 70 турдан ортиқ касалликка даводир. Умумлаштирган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Нафталан нефти қуйидаги турдаги касалликларга даво ҳисобланади:

Тери касалликлари
Бўғим касалликлари
Асаб касалликлари
Мушаклар касалликлари
Урологик ва гинекологик касалликлар

Нафталан шаҳарчасининг аҳолиси асосан даволанувчилар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланишади. Ҳудудда учта катта меҳмонхона-санаторийлар жойлашган бўлиб, улар «Чинор», «Қорабоғ» ва «Калаалти» меҳмонхоналаридир. Ушбу меҳмонхоналар хизмат кўрсатиш савиясига кўра беш юлдузли меҳмонхона даражасига эга.

Муаллиф «Чинор» меҳмонхона-санаторийсида даволаш курсини ўтагани туфайли, қуйида ушбу жараёнга оид баъзи муҳим маълумотлар баён этилади.

Нафталан шаҳарчаси пойтахтдан анча узоқда, чекка ҳудудда жойлашгани туфайли у ерга илк бор йўл олган меҳмон учун манзилга етиб олишнинг энг мақбул йўли меҳмонхонанинг трансфер хизматидан фойдаланишдир. Бунда меҳмонни Боку шаҳрининг Ҳайдар Алиев аэропортида кутиб олишади ва 4 соат ичида манзилга элтиб қўйишади.

Меҳмонхонага етиб бориб, жойлашишингиз биланоқ, Озарбойжон қонунлари талабига кўра рўйхатдан ўтиш жараёни дарҳол амалга оширилади.

Эрталаб соат 09:00дан бошлаб санаторий поликлиникасида умумий тиббий кўрикдан ўтиш бошланади. Поликлиникада қон ва пешобнинг умумий биокимёвий таҳлили, ультратовуш текшируви, электрокардиограмма бепул амалга оширилади. Қоннинг гепатит Б ва C таҳлили тахминан 5 доллар эвазига амалга оширилади. Таҳлил натижаларини қўлга киритган даволанувчи дерматолог, диетолог, невропатолог, уролог, гинеколог, стоматолог каби шифокорларнинг кўригидан бепул ўтадилар.

Шифокорлар кўригидан ўтиш жараёнида меҳмоннинг ҳолатидан келиб чиқиб, даволаниш курслари тайинланади. Муолажаларнинг асосини нафталан нефтида ванна ташкил қилиб, бу ҳақда қуйида алоҳида фикр билдирмоқчиман. Ванна муолажасидан ташқари меҳмонлар ўз ҳолатларининг тақозосидан келиб чиқиб, 3 хил бепул физиотерапевтик амалиётларни танлаши мумкин. Қолган турдаги муолажалар эса пулли. Физиотерапевтик муолажалар жуда ҳам хилма-хил бўлиб, массаждан тортиб, гидроколонотерапиягача бўлган амалиётларни ўз ичига олади.

Нафталанга борган инсон асосан нефтли ванна учун боради. Зеро, қолган турдаги муолажаларни бошқа жойларда ҳам топиш осон.

Нефтли ванна инсон саломатлиги учун фойдалигина эмас, балки жуда ҳам фойдалидир. Нефть таркибида мавжуд моддалар микробларга қарши, яллиғланишга қарши, оғриқсизлантирувчи ва ёшартирувчи хусусиятларга эга. Асалнинг ози яхши деганларидай, бу нефть ҳар қанча фойдали бўлмасин, уни суиистеъмол қилиш инсон организмида заҳарланиш келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам, даволанувчи икки кунда бир марта ҳар бири 10 дақиқадан узоқ бўлмаган ванна муолажасини олиши мумкин. Бунда меҳмон 40 даража иссиқликдаги нефть тўла катта ваннага тушиб, 10 дақиқа ётади. Нефтдан тозаланиш асло муаммо эмас. Малакали ходим ва замонавий тозалаш воситалари баданнинг нефтдан тўла тозаланиш имконини беради.

Одатда муолажаларнинг ижобий таъсири 3 ёки 4-ваннадан кейин билина бошлайди. Бу ваннанинг яна бир жиҳати – унинг таъсири аккумулятив характерга эга. Яъни, сиз олган 8—10та ванна муолажаси давомида баданингизга сингдирган фойдали моддалар 6 ой давомида танангизда айланиб юради. Натижада, санаторийдан қайтганингиздан кейин ҳам бир неча ой давомида одам ўз соғлигидаги ижобий ўзгаришларини кузатиши мумкин.

Юқорида номи зикр қилинган меҳмонхоналарда даволанишдан ташқари меҳмонларнинг мазмунли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар мавжуд. Уч маҳал муҳташам (ишонаверинг, ҳақиқатдан муҳташам) швед столи шаклида ташкил қилинган овқатланиш, сузиш ҳавзаси, фин саунаси, турк ҳаммоми, жонли мусиқа, оқшом концертлари, кинотеатр, дискотека, катта тезликдаги интернет алоқаси ҳамда табиат қўйнига ташкил қилинадиган экскурсия-саёҳатлар шулар сирасига киради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Нафталан ўз соғлигини тиклаб, ўзи ва асабларини дам олдириб, мазмунли саёҳат қилмоқчи бўлган инсонлар учун айни муддаодир.

Искандар Саттибоев