Шавкат Мирзиёев 26 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жомеъ масжидида бўлганида мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берганди. 

Кеча Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” жоме масжидининг биринчи ғишти қўйилди. Бу истиқлолнинг 26 йиллик байрами арафасида халқимизга ажойиб туҳфа бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий сайти.

Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.