Citroen компанияси Франкфурт автосалонига Rip Curl компанияси билан яратилган Spacetourer минивэни концептини олиб келади. Автомобиль табиат қўйнига узоқ сафарларга мўлжалланган. Бу ҳақда француз компанияси матбуот хизмати маълум қилди.

Минивэн тўлиқ приводли узатмалар қутиси ва орқа блокловчи дифференциал билан жиҳозланган, бу эса автомобилнинг қийин йўллардаги юриш сифатларини оширади.

Автомобиль жиҳозлари қаторига унинг томига ўрнатилувчи махсус тент кирган. Қизиғи, автомобиль душ билан жиҳозланган. Унга сув юкхона эшиги ичига ўрнатилган бакдан келади. Концепт-кар шунингдек йиғилувчи столча ва газ плитаси, раковина ва шкафларга эга ошхона блокини олган.

Бундан ташқари, жиҳозлар орасида буюмлар учун сув ўтказмайдиган идиш, метеостанция, сейф, музлатгич ҳамда серфинг доскалари учун маҳкамлагичлар кўзда тутилган. Минивэнда 4 киши жойлашиши мумкин. Йиғилган орқа ўриндиққа матрас қўйиш мумкин, бу ерда яна икки киши жойлаша олади. Яна бир жой томда, сув ўтказмайдиган тент остида бор.

Citroen компанияси Spacetourer Rip Curl моделидан ташқари, Франкфуртга янги авлоддаги С3 Aircross кроссовери ҳамда Courreges модалар уйи билан биргаликда яратилган E-Mehari электр кроссоверининг махсус версиясини олиб келади.

Франкфурт автосалони Европадаги энг йирик моторшоу бўлиб, бу йили 14-24 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.