Кореяликлар бош мураббийидан ушбу ўйинга қилинган режа ҳақида сўралганда шундай деди:

"Биз Ўзбекистонга фақат ғалаба кераклигини билар эдик. Шунинг учун шогирдларимга, биринчи таймда имкон қадар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишни, муҳими, камида дурангни сақлаб туришни илтимос қилдим. Кўрганингиздек, иккинчи таймда мезбонлар чарчаб қолишди, уларнинг ҳимоясида бўшлиқлар пайдо бўла бошлади ва биз ҳужумни кучайтирдик. Тўғри, ғалаба қозона олмадик, аммо кўрган бўлсанглар, жуда кўп вазиятларни футболчиларим голга айлантира олишмади. Шу томондан олиб қараганда, биз тактик жиҳатдан ўйинда ғалаба қозондик, деб ўйлайман".

Бир жиҳатга эътибор бердим. Аслида агар Сурия Эрон устидан ғалаба қозонганида, Жанубий Корея учун ҳам бугунги натижа қониқарсиз бўлиб қоларди. Балким, бош мураббий мана шундай кибор билан ўз ақлини бизга мақтаб ўтирмасди. Бўлиши мумкин. Балки.

Лекин биласизми, менимча, Жанубий Корея мураббийи Эрондаги ўйинни, унинг натижасини ўз режаларининг марказига қўйиб олмаганди. Унинг вазифаси айнан Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозониш - айнан мана шу ўйин учун ўз тактикасини, сценарийсини режалаштирди. Барча қарорларни, стратегияларни мана шу ўйин устига қурди. Тўғри, ғалаба қозона олмади, аммо бу кўпроқ футболчиларнинг муаммоси, айби. Шуниси аниқ-ки, улар ғалабага биздан кўра анча яқин эдилар.

Бизни қайси ҳисоб қониқтиради? Эндичи, Сурия урибди, энди Кореяга ҳам ғалаба керак. Биз эса, учта гол уришимиз керак. Уҳ, Эрон тенглаштирди, энди битта гол етади. Урра, Эрон ютяпти, энди дуранг ҳам бизни учинчи ўринда қолдиради. Ана энди биз ютишимиз керак, "даваааай".

"Сурия гол урди! Эрон!!! Эрон ўйинни сотди! Ўйинни ютқазиб берди Эрон!!! (с)

"Ие, 2:1 деб айтишди-ку? Вааааай" (с)

Мухлислар, журналистлар - боримиз шу, лекин биласизми, Самвел Бабаян, бошқа мураббийларимиз, футболчиларимиз ҳам бутун циклни мана шу кайфиятда ўтказишди. Бизда ҳали имконият бор. Фалон ўйинда фалон команда очко йўқотса... Ҳали имконият йўқотилгани йўқ. Имкон бор экан, курашишда давом этамиз... Ҳаммаси ўз қўлимизда!..

Гўёки терма жамоамиз мураббийлари, Ўзбекистон футбол федерацияси мухлисларни, журналистларни эшитмаётган эдилар, бошқа дунёда яшаётган эдилар - вей, булар нега танқид қилишяпти ўзи? Ахир имконият бор-ку? Вей, нега норози булар, ахир Қатарни ютдик-ку!   

Улар ана ўша қоғоздаги имкониятлар дунёсида яшадилар, Сергеевнинг икки йилдан бери гол урмай келаётганини, сўнгги етти ўйинда беш бор мағлубиятга учраганимизни, ўйин сифати ниҳоятда ғариб эканини ўйламадилар - имконият бор-ку! Ерни ўпамиз, футболка рангини алмаштирамиз, фақат ҳужумчини эмас, тавба...

Жазо зўр бўлди, жазо жуда аламли бўлди! Агар бу ҳақида триллер олинганида ҳам, Анзурнинг ўша интервью чоғидаги юзи "Оскар" олган бўларди, ишонаверинг. Доим бошқа ўйинлардан мадад кутиб, шу орқали мундиални орзу қилган жамоамиз айнан бошқа ўйин орқали имкониятдан қуруқ қолди. Ўн ўйинда атиги олти гол уриб, бошқалардан гол кутган терма жамоамиз-а... 

Аслида, вазифа турнир жадвалига умуман қарамаслик, навбатма навбат ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш, ҳар бир ўйин учун алоҳида ўз режасини қуриш кераклиги борасида жанубий кореялик бош мураббий ўз намунасини кўрсатиб кетмадими, боягина? 

Фақат Эрон ва Кореядан эмас, Суриядан ҳам ортда қолганимизда ҳам рамзий маъно бор, ҳам доим рақибларимизнинг футболи кучли экани, улар бой давлатлар экани, футболчилари тажрибали эканини рўкач қилаверадиганларга яхшигина тарсаки бор. Мен бундан хурсандман. 

Кўп гапирамиз, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишга тайёр эмас. Аввало, футболга пул тикишимиз (яна қанча?) керак, малакали футболчилар керак, болалар футболи бўлиши керак, миллий чемпионатимиз рақобатли бўлиши керак ва ҳоказо. Бу "керак"ларнинг барчаси керак, тўғри. Аммо жаҳон чемпионатига чиқиш учун Суриядан кўпроқ очко тўплаш керак, аввало. Бу тушунарлироқ, аниқроқ вазифа.

Ўша уруш бўлаётган, болалар футболи эмас, болалар ҳаёти муҳим муаммо саналадиган Суриядан кўпроқ очко тўплашни, улардан кўпроқ гол уришни ўрганишимиз керак. Ана ўшанда айбдорларни осонроқ топамиз. Умуман кимнидир айблашни ўрганамиз, айбдор қидиришни, хатолар ҳақида гапиришни, таҳлил қилишни ўрганамиз. Майдонда жонимизни жабборга беришни бошлаймиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда, дедикми, ҳаммасини қўлимиздан ўзимиз чиқардик, дея бошлаймиз. 

Ахир, ана Сурия, биргина гол масофасида қолди-ку, мундиалдан... Лойиқ эмасмиди?

Қаҳрамон Асланов