Жумадан шанбага ўтар кечаси дунёнинг турли бурчакларида ЖЧ-2018 йўлланмаси учун яна 3 учрашув бўлиб ўтади. Европада битта учрашув ўтказилса, қолган икки учрашув қитъалараро плей-офф учрашувларини бошлаб беради.

Италия – Швеция (Тошкент вақти билан 11 ноябрь, соат 00:45)
Евро-2004 гуруҳ босқичидан сўнг бу икки жамоа ўртасидаги учрашувлар принципиал аҳамият касб этиб келади. Ўшанда Швеция ва Дания терма жамоалари сўнгги турда кўпчиликнинг фикрича, келишган ҳолда Италияни умуман қаноатлантирмайдиган ҳисобда дуранг (2:2) ўйнаган ва Жованни Трапаттони бошчилигидаги терма жамоа гуруҳда қолиб кетганди. Ўшандан буён бу икки рақиб ўзаро икки учрашув ўтказган бўлиб, иккаласида ҳам италияликлар 1:0 ҳисобида зафар қучишган. Ҳозирда ҳам худди шундай натижалар ҳам Италияга етарли бўлиши мумкин.

Ибраҳимович терма жамоадаги фаолиятини якунлагандан сўнг Швеция унчалик хавфли кўринмаяпти. Жамоа айниқса меҳмонда кечадиган учрашувларни бўш ўтказмоқда. Саралашнинг гуруҳ босқичида бешта сафар учрашувини ўтказган скандинавияликлар уларнинг учтаси мағлуб бўлди ва ҳар сафар ўз дарвозасидан биттадан ортиқ тўп ўтказиб юборишига тўғри келди.

Швеция ўз гуруҳида фақатгина тўплар нисбатидаги яхши кўрсаткич эвазига иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Италия ўз гуруҳида учинчи ўриндаги рақибини 10 очкога ортда қолдириб кетди. Испаниянинг ўта муваффақиятли ўйини ва итальянларнинг Македония билан ўз уйидаги кутилмаган дуранги жамоани тўғридан-тўғри йўлланмадан маҳрум қилди, дейиш мумкин.

Статистика ҳам Италия терма жамоасининг бу учрашувда фаворит эканини кўрсатмоқда. «Скуадра Адзурра» 1962 йилдан буён тўхтовсиз равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келмоқда. Бунгача жамоа саралашда бир марта плей-оффда ўйнаган. 1998 йилги мундиалга жамоа плей-оффда Россия терма жамоасидан устун келган ҳолда йўлланма олганди.

Ҳондурас – Австралия
Ҳондурас терм жамоаси учун катта мусобақаларда иштирок этишни катта байрам дейиш мумкин. Марказий Америка минтақаси вакили тарихида бундай байрамлар сони шу кунга қадар тўрттани ташкил қилган. 2001 йилда Ҳондурас Америка кубогида Бразилия ва Уругвайни мағлуб этиб бронза медалларини қўлга киритган бўлса, 1982, 2010 ва 2014 йилларда ЖЧда иштирок этган. Терма жамоа кетма-кет учинчи марта бундай йўлланмага эга чиқиши учун австралияликлардан устун келиши талаб қилинади. КОНКАКАФ минтақаси саралашида иккинчи даврани мағлубиятсиз ўтказган ҳондурасликлар ақлбовар қилмас натижага эриша олганди — АҚШ ортда қолдирилди.

Ҳондурасда тажрибали Австралияни мағлуб этиш учун имконият етарли. Сабаби агар 37 ёшли Тим Кэйҳилл бўлмаганда жамоа сурияликларни ҳам енга олмаслиги мумкин эди.

Янги Зеландия – Перу
Перу мисолида кўришимиз мумкинки, мундиал йўлланмаси учун курашишда таркибда юлдузлар бўлиши шарт эмас, шунчаки керак вақтда, керакли очколарни жамғариш ва барқарор ўйин кўрсатиш талаб қилинади. Чили терма жамоасига икки учрашувда ҳам ютқазганига қарамасдан перуликлар Америка кубогининг амалдаги соҳибидан кўра, турнир жадвалида юқорироқ жойлашишнинг уддасидан чиқишди. 6 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия натижасида «инклар» 1982 йилдан сўнг илк марта дунёнинг энг кучли терма жамоалари сафида мундиалда иштирок этиш учун жуда яқин турибди.

Аммо вазифа ҳали уддаланмаган. Бунинг учун жамоа Океания вакили Янги Зеландия тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Жанубий Америка минтақасидаги даҳшатли «тегирмон» саралаш босқичидан сўнг зеландияликларга қарши учрашув жамоа учун осон кўринаётган бўлиши мумкин. Аммо бу бир қарашда кўринган жиҳат. Майдонда эса ҳар нарса бўлиши мумкин.