ЖЧ-2018 III саралаш босқичининг сўнгги туридан ўрин олган Ўзбекистон - Жанубий Корея учрашуви (0:0) дан сўнг, терма жамоамиз гуруҳда 4-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига чиқишдан маҳрум бўлганидан хабарингиз бор.

Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманига келган бош мураббий Самвел Бабаян қисқача чиқиш қилиб, журналистларнинг саволларига жавоб бермасдан қочиб кетгани ҳақида аввалроқ хабар бериб ўтган эдик.

Футболчилардан интервью оламиз деган ниятда тўпланган 20 га яқин маҳаллий журналистлар микст-зонада футболчиларни ечиниш хонасидан чиқишларини 1 соатга яқин вақт мобайнида пойлаб туришган.

ФИФА ўрнатган расмий қонун-қоидаларга кўра, футболчилар расмий ўйиндан сўнг микст-зонада журналистлар олдидан ўтишлари шарт, акс ҳолда мамлакат Футбол федерациясига нисбатан молиявий санкция қўлланилади.

Ушбу қоидаларни очиқдан-очиқ инкор этган футболчиларимизнинг яширин йўлаклардан ўтиб автобусга чиқаётганини суратга олаётган KUN.UZ мухбирига ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаев ишлашда монелик қилган.