Кеча «ПСЖ» сафарда «Метц» устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шаклланаётган янги учлик - Неймар, Кавани ва Мбаппе деярли барча голда иштирок этишди. Парижликлар беш ўйиндан сўнг юз фоизлик кўрсаткич билан боришмоқда. 

Албатта, Эмери Францияда бундай натижага Неймарсиз ҳам, Мбаппесиз ҳам эришиши мумкин эди. Европа Чемпионлар Лигаси бу бошқача турнир, у ерда ғолиб чиқиш учун ҳеч қандай сумма, ҳеч қандай футболчи кафолат бермайди. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, янги трансферлар «ПСЖ»га нима берди? Келинг, шу ҳақида фикр юритамиз. 

Аввало, шуни эътиборга олиш керакки, футбол олами, футбол бизнеси ўзгариб бормоқда. Муваффақиятли клуб тушунчаси фақат майдондаги натижа ва ҳатто совринлар билан чекланиб қолмаяпти. Сўнгги йиллардаги Европанинг энг барқарор клубларидан бири бўлган «Атлетико» ҳали ҳам томошабинларни ва ҳомийларни ўзига жалб этиш бўйича оқсамоқда. Сабаби, жамоа майдонда ҳар қанча муваффақият қозонмасин, у кўрсатаётган ўйиннинг томошабоплиги, жамоада тўп сураётган футболчиларнинг юлдузлиги катта аҳамият касб этади. Бу борада узоқ йиллар устунлик қилган «Реал», «Барселона» ёки «Манчестер Юнайтед» «панжасига панжа уриш» учун ҳам мана шу йўналишда иш олиб бориш шарт. Мбаппе ва Неймарнинг трансферлари Париж клубига, умуман Франция чемпионатига ажойиб маркетинг юриши сифатида фойда келтириши шубҳасиз. Мисол учун, менинг ўзим, кеча ушбу ўйинни томоша қилдим. «ПСЖ»нинг ҳар қандай рақибга қарши ўйинига қизиқиш олдингидан кўра каттароқ, менга ўхшаганлар яна бўлса керак.

Яна таъкидлаш мумкин. Клубнинг янги даврдаги амбициялари ҳақида сўз борганда, ўтган йилги ЕЧЛ нимчорак финалини эслашга эҳтиёж сезамиз. Ўшанда «Барселона» устидан қозонилган 4:0 ҳисобидаги ғалабанинг якунда бой берилиши бутун Европада жамоани шарманда қилди. Ҳеч қандай топ-клуб «Камп Ноу»да «ПСЖ» танлаган тактикани танламас, аксарият ҳолларда «Барселона» биринчи ўйиндан кейиноқ тақдирга тан бериши лозим эди. 

Етти йилдан бери Европанинг энг катта клубларидан бири бўлишга ҳаракат қилаётган ва ўтган йиллар давомида миллиардга яқин пул сарфлаб улгурган «ПСЖ» учун бу жуда қаттиқ зарба эди. Бу мағлубият «ПСЖ»нинг Европадаги ҳавасларига соя солди, ҳатто клуб ичкарисида ҳам бу лойиҳага бўлган ишончсизлик чўлғаб олди.

Неймарнинг «Барселона»дан, Мбаппенинг қайсидир маънода «Реал»дан тортиб олиниши, «ПСЖ»нинг айнан амбициялар борасида ҳали ҳам Европанинг етакчиси бўлишга даъвогар эканини намоён қилди. Ишончим комилки, мабодо клуб Чемпиолар Лигасида қайтадан «Барселона» қаршисига чиқса, ўтган йилги ўйинни эслаб оёқлари қалтирамайди, аксинча, ёзги трансфер даричасидаги ишончли ҳаракатлар туфайди, гўёки, «ПСЖ» ҳар жиҳатдан фаворитдек бўлади. Бу муҳим жиҳат футболчилар онгига ҳам сингиши табиий. 

Эсингизда бўлса, ёзнинг бошида жамоа етакчиларидан бири Марко Вератти «Барселона»га кетишни орзу қилаётганди. Август охирига бориб, гўёки Вератти сериали давом этади ва якунда Париж клубига уни ушлаб қолиш жуда қийин бўлади, деб тахмин қилаётгандик. Чунки ўша пайтда Барселонага бориш Вератти учун олдинга ташланган қадам сифатида баҳоланаётган эди.

Қарангки, ўтган икки ойда, ҳали жамоалар бирорта ўйин ўтказиб улгурмай, бундай фикрлар нафақат бизнинг, ҳатто Вераттининг ҳам хаёлидан чиқиб кетди. Умуман, Анхел Ди Мария, Хавьер Пасторе, Лукас Моура даражасидаги юлдузларга эътибор беринг – «ПСЖ»да ҳам кучли учлик пайдо бўлаётгани сабабли, катта эҳтимол билан футболчилар ҳам аксарият ўйинларда захирада қолиб кетишлари мумкин. Жаҳон чемпионати эшик қоқаётган пайтда, мана шу даражадаги юлдузларнинг бошқа клубларда шундай вазиятда қолганликларини тасаввур қилинг. Албатта, инжиқликларни бошлашар, кўпроқ майдонга тушишни талаб қилишар, бошқа жамоага ўтиб кетиш ҳақида ўйлашарди. Лекин Парижда бундай зиддиятлар ҳақида эшитмадик, ҳар бир юлдуз бу лойиҳада иштирок этишдан, асосий таркиб учун рақобатдан чекинмаяпти.

Иқтисодиётда бир парадокс бор. Мазмуни шундаки, «ПСЖ» Неймар учун 222 миллион евро тўлаб, рекорд қўйди, ўз навбатида Неймарни жуда арзонга сотиб олган бўлиб чиқди. «ПСЖ» Неймарни сотиб олиш орқасидан кузатилган ўзгариш Неймарнинг нархини янада ошириб юборди. Қизиғ-а?

«Неймар ҳаммасини ўзгартириб юборди, биз июлда сотиб олган Лукаку, Матич каби футболчилар Неймар трансферидан сўнг, икки баробар ошиб кетган бўлардилар» - деди Жозе Моуриньо. «Арзон нарса оладиган даражада бой эмасман» деган ибора ҳам бор, эшитгандирсиз.

Хуллас, Неймарга катта пул тўлаш орқали «ПСЖ» трансфер бозорини қалқитиб юборди ва бу трансфер орқасидан нархлар кескин кўтарилиб кетди. Шу даражада кўтарилдики, агар «ПСЖ» бугун Неймарни 250 миллионга сотаман деса, камида иккита харидор чиқади. Шартномасига атиги бир йил қолган, 30 ёшни урай деган Алексис Санчес учун 70 миллион евролик музокаралар бўлди, Филиппе Коутиньога 150 миллион сўрашди, «Реал» Асенсионинг товон пулини 500 миллионга кўтарди. Ва ҳоказо.

Бу рақамлар билан солиштирилганда, ёши, ўйини, номи, брендлиги билан Неймарнинг нархи нормал кўриниб қолди. Неймар ва Мбаппе трансфери орқали, кўтарилиб кетган бозорда таркиби шаклланган «ПСЖ» бемалол ўзига керак бўлмаган футболчиларни қиммат нархларга сота бошлаши мумкин.

Бундан ҳам ақлли трансфер сиёсати бўлиши мумкинми?

Қаҳрамон Асланов