Малайзия бош вазири ўринбосари Аҳмад Зоҳид Ҳомидий Мьянма расмийларидан Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) томонидан билдирилган эътирозларга бефарқ бўлмасликни талаб қилмоқда. Шунингдек, бутун дунё ҳамжамиятининг этник камчиликни ташкил қилувчи роҳингялар инқирозига билдирган муносабати инобатга олиниши шарт, деб ҳисоблайди у. Бу ҳақда New Straits Times нашри хабар тарқатди.

«ASEAN эътирозига қулоқ тутишлари лозим, атрофга боқинг: инсоният ҳайвоний хислатлари билан бир-бирини қириб юбормоқда, ахир», деб таъкидлаган у.

Бундан ташқари, мамлакат Давлат маслаҳатчиси ҳамда Ташқи ишлар вазири, де факто Мьянма раҳбари Аун Сан Сунинг ҳаракатсизлиги, зимдан аксилҳаракат билан иш тутиши, унинг Мьянмада инсон қадриятлари ва демократик тамойилларни ҳимоя қилиш учун олиб борган курашларини шубҳа остида қолдирмоқда.

Малайзия ҳукумати расмий вакилининг фикрича, роҳингялар ҳуқуқи диний ёки этник белгисига кўра поймол этилишига йўл қўйиш мумкин эмас. Парламент сайлаган, ҳарбий диктатурага алоқаси йўқ мамлакат президенти Тхина Чжо эса расмий баёнот билан медиада кўринмаяпти.