Kun.uz сайти орқали шу йилнинг 22 апрель кунида «Марғилонда аҳолини қийнаган бир девор воқеаси» сарлавҳали мақола нашр этилган эди.

Мақолада Марғилон шаҳридаги Ал-Фарғоний кўчасида истиқомат қилувчи Абдулқосим Ҳасанов ноқонуний тарзда икки кўча ўртасига девор қургани ва бу девор маҳаллада яшовчилар кейинги кўчага ўтиши учун тўсқинлик қилаётгани айтиб ўтилган эди. Бу масалада маҳалла фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марғилон шаҳар халқ қабулхонасига мурожат қилган. Муаммолар юзасидан шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокурори, Марғилон шаҳар туманлараро суди судьяси ҳамда шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи фуқароларнинг муаммоларини тинглашди. Манзилнинг ўзида муаммога ечим изланди. Шаҳар ҳокимлигининг аризасига кўра, мазкур иш Марғилон туманлараро судида кўриб чиқилди ва девор чиндан ҳам ноқонуний тарзда қурилгани аниқланди.

Марғилон шаҳри, Ал-Фарғоний кўчасида қурилган ноқонуний девор бузилиши ҳақида туманлараро судининг ҳукми амалда қўллана бошланди. Республика бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси ходимлари томонидан мазкур девор бузиб ташланди. Маҳалла аҳли кейинги кўчага бемалол ўтиши учун йўл очилди.

«Кейинги кўчадаги қўшниларнинг олдига ўтиш учун айланма йўл билан икки километрлик масофани босиб ўтишимизга тўғри келарди. Ана энди бемалол юз метр йўлни босиб қадрдон қўшнилар билан кўришишимиз мумкин. Айланма йўл ҳам йўқ. Тўғри, девор бузилишини жуда узоқ кутдик. Лекин бузилди. Шунинг ўзи бизни хурсанд қилади», - дейди кўчада истиқомат қилувчи Шуҳратжон Хўжамбердиев. 

Мазкур девор бузилишида, фуқароларга қулай шароит яратилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марғилон шаҳар халқ қабулхонасининг ўрни алоҳида деб айта оламиз. Сабаби, мурожаат юзасидан ҳар бир мутасадди қабулхонага жалб этилиб, дахлдор идора ва ташкилотлар муаммонинг ечимини топишда бор куч-ғайратларини ишга солишди. Муаммо ечим топди. Маҳалланинг мушкули осон бўлганидан хурсандмиз. Журналист мавзуни кўтарди, ечим бўй кўрсатди.

Аҳрор Зиё, Фарғона