«Кристал Пэлас» 4 турдан сўнг бош мураббийи Франк Де Бурни истеъфога чиқариб юборди. Нидерландиялик мутахассис клубда атиги 77 кун ишлаб, ўзига хос лига антирекордини қайд этди.

Хўш, бу қадар тез қарор қабул қилган клуб раҳбарлари тўғри қилишдими? Бу икки ой Франк Де Бур учун муваффақиятсизлик даври ҳисобланадими ёки хато учун берилган жазоми?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, бош мураббий учун тўғри жамоа ва паллани танлай олиш хусусияти ҳам катта аҳамият касб этади. Айнан мана шу жиҳатни ҳис қила олиш ҳар қандай мураббий учун муваффақият калитидир. Ҳамма жойда, ҳар қандай шароитда ҳам яхши натижа қила оладиган мураббий дунёда йўқ бўлса керак.

Франк Де Бур аслида у қадар ёмон мутахассис эмас. У Эрдивизиядаги беш мавсумида «Аякс»ни тўрт бора чемпион қила олганининг ўзи ҳам кўп нарсадан дарак. Аммо «Интер»да атиги 85 кундан сўнг истеъфога чиқарилган мураббий янги танловларда эҳтиёт бўлиши керак эди, бундай ҳолатнинг такрорланиши унинг мураббийлик карьерасидаги доғни янада катталаштириб юбориши мумкин эди. Икки марта, икки жойдан жуда эрта қувилган мураббийга бўлган муносабатда, аксарият ҳолларда, энди Де Бурнинг ўзи айбланади ва ҳатто унинг тақдири юртдошлари Марко ван Бастен, Франк Райкаард, Рууд Гуллит каби эрта якунланиши ҳам мумкин.

Фото: «Кристал Пэлас»

«Кристал Пэлас» – энг одатий британ клуби. Асосан ҳимояга катта эътибор қаратадиган, узун паслар орқали ўйнашни хуш кўрадиган, ижрочиларнинг жисмоний жиҳатларига урғу берадиган ҳақиқий инглиз жамоаси. Агар бу фактга, клуб раҳбарларининг сўнгги 6 йилда 6 марта мураббийни истеъфога чиқаргани қўшилса, Франк қайси ақл билан бу ишга бел боғлаганини тушуниш қийин бўлиб қолади.

Албатта, шу ўринда, Де Бурнинг «Кристал Пэлас» раҳбарияти билан музокаралар ўтказганини биламиз, клубнинг ўзига хослиги, Нидерландия услубига бегона эканини у ҳам билган бўлиши табиий. Бундан келиб чиқадики, «Кристал Пэлас» раҳбарияти жамоани тубдан ўзгартиришга бел боғлаган ва шубҳасиз, Алан Пардью, Сэм Эллардайс каби собиқ мураббийлардан ҳар томонлама фарқ қиладиган Франк Де Бур варианти улар учун узоқ муддатли лойиҳа эди.

Жереми Ҳоскинг «Кристал Пэлас»ни кўпроқ тактик футбол ўйнайдиган, тўпни назорат қила оладиган, Европа футболига яқинроқ ва Европа учун мафтункорроқ бўлган жамоага айлантиришни ният қилган бўлиши табиий. Мисол тариқасида, «Эвертон» намоён бўлгани ҳам эҳтимол. Эсингизда бўлса, Роберто Мартинеснинг келиши «Эвертон»даги Давид Мойес даврига якун ясаган, натижа эътибори билан у қадар юксалиш кузатилмаган бўлса-да, «Эвертон» оддий «югур-теп» британ жамоасидан жозибали жамоага айлана бордики, бошқа бир нидерландиялик мутахассис Роналд Куман қўл остида ўйнашда давом этмоқда.

Франк Де Бур айнан ўша талаблар асосида иш бошлагани ва узоқ муддатли лойиҳа учун пойдевор қўйишга ҳаракат қилгани табиий, аммо у 2 жиҳатни эътиборга олмади.

Биринчидан, АПЛдаги қаршилик савияси, ўйин услубини эътиборга олган ҳолда, бу ўзгаришларни аста-секинлик билан, натижаларга ҳам эътибор қаратган ҳолда олиб бориш лозим эди. Де Бур илк турлардан 3 ҳимоячи билан юқори ҳимояланишни йўлга қўйди. Шу пайтгача бутунлай бошқача ўйнаб ўрганиб қолган жамоа учун бу ҳалокатга айланди.

Иккинчидан, янги «Аякс» қуриш учун мана шунга мос ижрочилар ҳам керак бўлади. «Кристал Пэлас» таркибнинг қиймати эътибори билан Европада 20-ўринда борса-да, айнан мана шу трансфер даричасида Франк Де Бур ўз йўналишидаги футболчиларни сотиб ололмади. Фақатгина ҳимоячи Мамаду Сако ва «Аякс»дан ёш ҳимоячи Жайро Ридевалдни алоҳида кўрсатиш мумкин, аммо бу етарли эмас.

Натижада 4 турдан сўнг «Кристал Пэлас»нинг қаерига қараманг, «ноллар»дан иборат бўлиб қолди. Қўлга киритилган очколар, ғалабалар, киритилган тўплар – ҳаммаси «0».

Фото: ВВС

Аммо вазиятга чуқурроқ қарасак, ростан ҳам «бургутлар» шу қадар ёмон ўйин кўрсатишдими? Ростан ҳам Франк Де Бур умуман муваффақиятсиз ишладими? Бу саволларга осонгина жавоб бериш мумкин эмаслигини кўрамиз.

Мураббийлар аксарият ҳолларда якуний натижа, оқибатлар учун ишдан бўшатилиб ёки кўкларга кўтарилса-да, майдонда футболчилар тўп суради. Мураббийнинг вазифаси яхши натижа учун сабабларни яратиш – шу томондан қарайдиган бўлсак, Франк Де Бур у қадар ёмон ишламаганини кўрамиз.

Мисол учун, ўйин сифатини белгилайдиган – дарвозага берилган зарбалар, аниқ зарбалар, тўп назорати, аниқ паслар ва бошқа бир қатор кўрсаткичларнинг бирортаси бўйича ҳам «Кристал Пэлас» сўнгги поғоналарда эмас, 10-13 ўринларда бормоқда. 

Ёки масалан, xG ҳисоблаш тизими бор, жамоаларнинг яратган вазиятлари ва уларнинг хавфлилик даражасини аниқлаб, коэффициентга айлантириб боради. Бу борада «Кристал Пэлас» кучли саккизликдан жой олган ва ҳатто «Челси»ни ортда қолдирган. Фақат «Челси»да ижрочиларнинг анча савияли экани ўша вазиятларни голга айлантирган холос.

Ҳар бир ўйинга алоҳида тўхталадиган бўлсак, «Ливерпуль»даги ўйин мустасно — ростан ҳам ўша ўйинда мезбонлар анча устун эди (умуман «Энфилд»да бошқачароқ футбол кутиш қийин). Де Бурнинг истеъфосини келтириб чиқарган сабаблар ичида айнан ўша ўйин йўқлигига аминман.

Жамоа шунингдек, «Суонси», «Ҳаддерсфилд» ва «Бёрнли»га имкониятни бой берди. Бу ўйинларда Франк Де Бур шогирдлари дарвозага 53 бор зарба беришнинг уддасидан чиққанини эътироф этиш жоиз — ўртача, ҳар ўйинга 18тадан. Бундай натижа АПЛдаги кучли тўртликнинг ичига кирган бўларди.

«Суонси» билан ўйинда зарбалар нисбати 16-7, «Ҳаддерсфилд» билан 14-9, «Бёрнли билан 23-4, лекин бу ўйинларнинг барчасида «Кристал Пэлас» мағлубиятга учради, бирорта ҳам гол ура олмади. Мураббий яна нима қилиб бериши мумкин?

Бошқа тарафдан, Де Бурнинг атиги 4 ўйиндан кейин истеъфоси унга нисбатан қилинган яхшиликка ўхшаб кўринади. Франк энди унга етарлича имконият берилмаганини айтиши, юқоридаги статистик маълумотларни папкага жойлаб, танқидчиларга кўрсатиши мумкин. Шу нарса аниқки, агар истеъфо 10 ёки 12 турдан кейин рўй берганида, кўрсаткичлар бу қадар бўлмасди. Сабаби, жамоа кейинги ўйинларда «Челси», «Манчестер Сити», «Саутҳемптон» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушади ва барибир натижа борасида вазиятни ўнглаш анча мушкул эди.

Хулоса қилиш мумкинки, бу вазиятда ҳамма хато қилди. Мана шу клубни бошқаришга рози бўлган Франк де Бур ҳам, янги мураббийга мос трансфер кампаниясини олиб боришда муваффақиятли бўла олмаган спорт директорлари ҳам, жуда ноўрин паллада бошқача жамоани орзу қилган хўжайин ҳам...

Фото: Стив Пэриш. «Кристал Пэлас» эгаси

Хўжайиннинг орзуси қачондир рўёбга чиқар, лекин ҳозир эмас. Рой Ҳожсон келади ва «Кристал Пэлас» ўша эски ижрочилар билан эски британча услубда Кристиан Бентекенинг бошини қидиришда давом этади. Биз эса, агар Франк Де Бурга кўпроқ имконият берилганида, нима бўлиши мумкинлигини билмаганимизча қолаверамиз. Билмай қолаверган нарсаларимиз ҳам кўп, мухлисликнинг қисмати шу, нимаям дердик...

Қаҳрамон Асланов