Ўрта вазн тоифасида WBC/WBA/IBF камарлари соҳиби Геннадий Головкин Сауль «Канело» Альваресга қарши реванш жангги ўтказишга қарши эмас.

«Мен мексикача усулда жанг ўтказишга тайёрман, яқин масофада туриб муштлаша оламан. Мен янада драматик шоу кўрсатишни хоҳлагандим. Аммо бу у қадар ўхшамади.

Бу менинг айбим эмас, мен ҳар бир раундда босим уюштирдим. Мен мухлисларни хурсанд қилмоқчи эдим. Аммо бундай бўлиб чиқмаган бўлса, бу менинг айбим эмас. Мен ютқазмадим. Мен ҳали ҳам чемпионман.

Албатта, мен яна муштлашишга, реваншга қарши эмасман. Реванш ёки бошқача жанг – мен муштлашишни истайман. Менда реванш ўтказиш истаги бор», – деган Головкин.

Головкин – Альварес ўртасидаги узоқ кутилган жангда ғолиб аниқланмади. Ушбу жанг якунида реферилардан бири Головкинга ғалаба берди (115-113), иккинчиси – Альваресга (118-110), учинчи ҳакам эса кучлар тенг келганини маълум қилди (114-114). Натижада, ГГГ камарларни ўзида сақлаб қолди.

Бундан аввалроқ мексикалик Альварес жанг натижаси адолатли бўлмагани, Головкин билан яна жанг қилишни исташи ҳақида айтганди.