Америкалик актёр Алек Болдуин Saturday Night Live комедияли телешоусида АҚШ президенти Дональд Трампни қойилмақом тарзда тақлид қилиб чиққани учун «Эмми» телевизион мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда Variety хабар бермоқда.

Актёр комедия йўналишидаги сериалда иккинчи пландаги энг яхши эркак роли учун мукофотланди.

«Ўйлашимча, мен «Мана, жаноб президент, «Эмми» сизники» дейишим керак», - деди Болдуин мукофотни қабул қилиб олар экан.

Актёр шу тариқа Трампнинг баёнотини эслатиб ўтмоқчи бўлди. Қўшма Штатлар президенти «Ўқувчи» реалити-шоусида иштирок этгани учун «Эмми»ни олиши кераклиги ҳақида айтганди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Дональд Трамп унга ҳажвий тақлид қилган Алек Болдуиндан ранжигани хабар қилинганди.