Дам олиш кунлари Испания чемпионатида 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини келтириб ўтади.

«Барселона»: 4 учрашувда 4 ғалаба, кейинги 4 ой Дембелесиз

«Барселона» «Хетафе» майдонига сафар қилди ва ўзининг аноррангли формасида илк учрашувини ўтказди. Учрашув бошида майдон эгалари тўла устунлик қилишди, шунга мос равишда биринчи бўлиб гол уришди: япониялик ярим ҳимоячи Гаку Сибасаки каталонияликлар сафида юбилей - юзинчи ўйинни ўтказган Марк-Андре тер Штегенни ранжитди – «Хетафе» чиройли гол билан олдинга чиқиб олди.

Меҳмонларга мураббийнинг тўғри қарорлари ёрдамга келди: Эрнесто Вальверде ўйиннинг иккинчи бўлимида икки алмаштиришни амалга оширди ва бу натижа келтирди. Майдонда Денис Суарес ва Паулиньо пайдо бўлишди, айнан улар жамоа ғалабасини таъминлаган икки голни уришди. Натижада, «Барселона» чемпионатда қаторасига тўртинчи ғалабани нишонлаб, турнир жадвалида яккапешқадамга айланди. Лекин бу ўйинда дунёдаги энг қиммат футболчи Усмон Дембеле жиддий жароҳат олди. Охирги маълумотларга кўра, у 4 ой муддатга сафдан чиқди.

Сан-Себастьянда «Қироллик учрашуви»

«Аноэта»га сафар олдидан мадридликлар клубида муаммолар пайдо бўлди – дисквалификация туфайли сафдан чиққан Роналду ёнига «қаймоқранглилар»нинг иккинчи асосий ҳужумчиси Карим Бензема ҳам қўшилди. Аммо Зидан бу вазиятдан чиқиб кета олди. Бу сафар у майдон ташқарисида финт қилди, у кўпчилик учун нотаниш Борха Майорални майдонга ташлади. Мадридликлар клубининг 20 ёшли тарбияланувчиси мураббийнинг ишончини ортиғи билан оқлади – у биринчи зарбасиниёқ голга айлантирди ва кейин ўйин давомида ҳам басклар мағлуб этилиши учун барча ишни амалга оширди, ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда у берган зарбани мезбонлар футболчиси ўз дарвозасига киритиб қўйди.

Кевин Родригес – «Реал Сосьедад»нинг ёш ҳимоячиси – у бу ўйинда жамоасининг асосий футболчисига айланди: аввалига мадридликлар дарвозасини, кейин ўз дарвозасини ишғол қилди, охирида эса Гарет Бэйл билан чопишиб кўрди, лекин унга учинчи голни уришга халал бера олмади. Бэйл «Аноэте»да ўзининг олтинчи голини урди. У «Реал Сосьедад»га бу жамоа майдонида энг кўп гол урган футболчи. «Реал» эса голли ўйинлари сериясини давом эттирди, жамоа энди «Сантос» томонидан узоқ ўтмишда қайд этилган рекордни такрорлади (73 ўйин), шунингдек, Мадрид клуби қаторасига 11та сафар учрашувида гол уриб, янги рекорд ўрнатди.

«Атлетико» янги стадионда

Испания пойтахти жануби-шарқидаги клуб «янги либос кийди». «Атлетико» янги қурилган «Ваньда Метрополитано» стадионида илк учрашувини ўтказди. Тақдимот ажойиб чиқди: Испаниядаги энг йирик клуб байроғи (338 м) тайёрланди, осмондан майдонга парашютчи тушди, Испания қироли Фелипе VI ва яна 63 минг киши «ҳиндулар» мадҳиясини биргаликда ижро этди. Аммо энг асосийси «Атлетико» янги стадионда илк ўйинда ғалаба қозона олмаслик билан боғлиқ нохуш анъанасига чек қўйди. Клуб 1929 йили «Метрополитано»да «Реал Сосьедад»га ютқазган (0:3), 1966 йили «Висенте Кальдерон»да «Валенсия» билан дуранг ўйналган (1:1), учинчи уринишда «Малага» мағлуб этилди (1:0).

Ҳозирча «Ваньда Метрополитано»да урилган ягона гол муаллифи Антуан Гризманн, у икки ўйинлик дисквалификациясини ўтаб, янги стадион очилишига қайтди. Мадридликларнинг янги «матраси» меҳмонларни аввалгидек қабул қилмоқда, енгил қўниш, аммо ухлаш қийин...

Бериццо – «Севилья» тарихидаги энг омадли дебютант мураббий

Андалусияликлар жамоаси қаторасига учинчи учрашувда ғалабага эришди, сафарда «Жирона» мағлуб этилди (0:1), ўйиндаги ягона гол «Севилья»нинг колумбиялик янги ҳужумчиси Луис Муриэль ҳисобига ёзилди. Мезбонлар ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо ўйин охирида Алекс Гранель пенальтини голга айлантира олмади. «Реал Сосьедад»нинг мағлубиятидан кейин жанубликлар жамоаси турнир жадвалида 10 очко билан иккинчи ўринга кўтарилди. Эдуардо Бериццо «Севилья» тарихидаги энг омадли дебютант мураббийга айланди.

«Депортиво»нинг омадсизлиги давом этди, мавсумдаги илк истеъфо рўй берди

Пепе Мель «Депортиво»га жамоани аввалги даражасига қайтариш учун олиб келинганди, аммо ла-коруняликлар клубида ишлар кўнгилдагидек эмас, «Депор»да 4 турдан кейин ягона дуранг ва уч мағлубият. Шанба куни галисияликлар Севильяда Мелнинг аввалги жамоаси «Бетис» билан ўйнади. «Бетис»нинг кексалик билмас футболчиси Хоакин Санчес «Депортиво» дарвозасига икки гол йўллади. Примерадаги ўйинлар давомида 80 марта голли узатма муаллифи бўлган бу футболчи «Депортиво» билан ўйиндаги кейинги 12 йилдаги илк дублни қайд этди – охирги марта Хоакин 2005 йил апрелида «Барселона» дарвозасига икки гол урганди.

Галисия – денгизчилар ўлкаси, бу ерда саёзликка ўтириб қолиб бўлмайди. «Ким биринчи бўшайди?» саволи узоқ вақт очиқ қолмади. Луис Субельдия – энди «Алавес» мураббийи эмас. Худди Англияда Франк де Бур билан бўлгани каби. Нидерландиялик мутахассис ҳам «Кристал Пэлас» бошқарувида 4 ўйиндан кейин ишдан ҳайдалди. Икки жамоа ҳам мавсумдаги 4 турда 4 мағлубият қайд этиб, битта ҳам гол ура олмади.

«Алавес»ни вақтинчалик мураббий сифатида Хавьер Кабайо бошқаради, у Субельдяга ёрдамчилик қилиб келаётганди.

Омад ороли ва «қуруқ» серия якуни
 
Чемпионат стартидаги икки ўйинни бой берган «Лас-Пальмас» ўзига кела бошлади. Сафарда «Малага» билан ўйиндан ғалаба билан қайтган жамоа тўртинчи турда «Атлетик»ни мағлубиятга учрата олди. «Оролликлар»нинг ягона голи 87-дақиқада «Челси»дан ижарага олинган Лоик Реми томонидан урилди. Ушбу француз ҳозирча 100 фоизлик самарадорлик кўрсатмоқда – дарвозага икки зарба ва икки гол: Малагада ҳам у ҳакам ҳуштаги чалиниши арафасида гол урганди. «Атлетик» бу ўйинда мағлуб бўлиш билан бирга «қуруқ» сериясини тўхтатди, жамоа рекордни янгилади 357 дақиқа (аввалги рекорд – 290 дақиқа).

«Эйбар» - «Леганес» - 1:0 (0:0). Гол: Гальвес, 53.
«Леванте» - «Валенсия» - 1:1 (1:1). Голлар: Родриго, 31 (0:1). Барди, 41 (1:1).
«Хетафе» - «Барселона» - 1:2 (1:0). Голлар: Сибасаки, 39 (1:0). Д..Суарес, 62 (1:1). Паулинью, 84 (1:2).
«Бетис» - «Депортиво» - 2:1 (1:1). Голлар: Хоакин, 14 (1:0). Картабия, 23 (1:1). Хоакин, 76 (2:1).
«Атлетико» - «Малага» - 1:0 (0:0). Гол: Гризманн, 61.
«Алавес» - «Вильярреал» - 0:3 (0:1). Голлар: Бакамбу, 32 (0:1). Бакка, 52 (0:2). Бакамбу, 62 (0:3).
«Жирона» - «Севилья» - 0:1 (0:0). Гол: Муриэль, 69.
«Лас-Пальмас» - «Атлетик» - 1:0 (0:0). Гол: Реми, 87.
«Реал Сосьедад» - «Реал» - 1:3 (1:2). Голлар: Майораль, 19 (0:1). Родригес, 28 (1:1). Родригес, 36 - автогол (1:2). Бэйл, 61 (1:3).
«Эспаньол» - «Сельта» учрашуви бугун бўлиб ўтади.