Instagram фотосервиси жонли трансляциялар давомида "ниқобланиш" имконини қўшди. Бу ҳақида компания блогида маълум қилинди. 

"Ҳикоялар" функциясининг ўнг томон, пастки қисмида фильтр қўшувчи тугма пайдо бўлади. Дастлаб "ниқоблар"ни фақат олдиндан олинган сурат, видео ва "бумеранглар"га қўшиш мумкин эди. 

Instagram "жонли" видеолар учун махсус янги "ниқоб" - линзалардаги тасвирни ўзгартирувчи қуёш кўзойнакларини қўшди. Эфир видеотасмасини Stories бўлимида қолдириш ёки ўчириш мумкин.

Компанияда таъкидланишича, октябрь ойи ўрталарига бориб, жонли эфирларга мўлжалланган фильтрлардан барча бирдек фойдаланиши мумкин бўлади. 

Instagram жонли трансляциялар функциясини 2016 йилнинг ноябрида ишга туширган. 2017 йилнинг май ойида иловада олдиндан олинган видео ёки суратни "ниқоб"лаш имкони пайдо бўлди. Илованинг янгиланган версиясида шунингдек "хэштег-стикерлар" ва тескари видео функцияси йўлга қўйилди.