Президентнинг 11.09.2017 йилдаги ПҚ–3262-сон қарори билан 2018-2020 йилларда автомобиль йўлларини, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва шаҳарлар кўчаларини кўкаламзорлаштириш  дастури тасдиқланди.

Norma.uz’нинг ёзишича, 3 йил ичида йўллар бўйлаб 1,6 миллионтадан ортиқ, шаҳар кўчаларида эса 782 минг (уларнинг 103 таси пойтахтда) дарахт ва буталар ўтқазиш режалаштирилган. Дастурда қарағай, заранг, эман, каштан, шумтол, арча кабилар манзарали кўчатлар сифатида кўрсатилган.  

Автомобиль йўллари давлат қўмитасига автомобиль йўлларига ёндош ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди. 

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб умумий фойдаланишдаги автойўлларни, шунингдек, шартнома асосида шаҳарларнинг тегишли кўчаларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича ишлар кўрсатилган корхонанинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Аввалроқ автомобиль йўллари давлат қўмитаси раҳбарияти тизимида ўзгариш юз бергани хабар қилинганди.