Вячеслав Ервандович Аваков 25 йил давомида (1991-2016) Ислом Каримовнинг даволовчи шифокори бўлиб хизмат қилган, шунингдек уларни қадрдон дўстлик ришталари боғлаб турган. Ислом Абдуғаниевич кундалик ҳаётда қандай инсон бўлган, бўш вақтида нималар билан шуғулланган, ушбу буюк шахс билан дўстлик ҳақидаги эксклюзив интервью Ислом Каримов Фондининг Facebook саҳифаси орқали тақдим этилди. 

"Биринчи танишувимиз расмий муҳитда ўтган - биз Президент тиббий хизматининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида суҳбатлашганмиз. Менинг вазифам Президент соғлиғини назорат қилишдан иборат бўлган. Ислом Абдуғаниевичга қаердадир қандайдир текширувлар ўтказишни таклиф қилар эдик, буни амалга ошириш жуда қийин эди - биринчидан, унинг бўш вақти йўқ эди, иккинчидан, у мактабда ҳам, институтда ҳам спорт билан шуғулланган, жисмонан бақувват эди ва ўтказилган ҳар қандай текширувлар унинг саломатлиги яхши эканини кўрсатарди. 

Скриншот: Facebook/IslamKarimovFoundation

Илк кунларданоқ, яъни республиканинг энди оёққа тураётган пайтлари - у вақтлар Ўзбекистонни ҳеч ким билмаган - Каримов давлат раҳбари сифатида дунёнинг турли мамлакатларига бориб, Ўзбекистонни танитарди, бу сафарларда унга доим ҳамроҳлик қилардим. Ислом Абдуғаниевич Нидерландияда ишбилармонлар билан учрашган, у янги мустақил давлат Ўзбекистон ҳақида, унинг ҳеч қандай ташқи қарзлари йўқлиги, бизда турли фойдали қазилмалар кўплиги ҳақида тўлиб-тошиб сўзларди. Шунда нидерландиялик ишбилармонлардан бири туриб, "Биласизми, бу ерга сиз билан учрашишга келишдан аввал харитадан сизнинг мамлакатингизни узоқ изладим ва топа олмадим" деди. Ислом Каримов бундай вазиятдан шундай усталик билан чиқдики, қойил қолмай илож йўқ: "Умуман олганда,  Ўзбекистонни билмаслигингиз ва харитадан топа олмаганингиз ажабланарли эмас, албатта, ҳолбуки, Ўзбекистон - бу беш-олтита Нидерландия дегани", - деди Каримов. Ҳамманинг юзига табассум югурди. 

Архив видео: Ислом Каримов оналари ҳақида

Ўзбекистоннинг энди оёққа тураётган пайтида хорижий сафарлар кўп бўлиб, уларнинг бари жуда мураккаб эди. Президент эса уларни янада мураккаблаштирарди, нима учун? Дейлик, 3 кунлик сафар режалаштирилган, орадаги танаффуслар инобатга олинган ҳолда, у ана шу танаффусларни 50 дақиқагача қисқартирарди ва биз 3 кунлик сафарни 2 кунда якунлаб қайтар эдик. Бундай тиғиз график - юқори қон босими дегани. Орада делегация аъзолари соғлиғидан шикоят қиларди - кимдир овқатдан заҳарланган, яна кимнидир қон босими безовта қилган. У ўзини психологик жиҳатдан ортиқча юклаб ташлаган ва шундай тартибга риоя қилган, қолганлардан ҳам шуни талаб қилган. Бу инсоннинг бутун ҳаёти, шиори шундай бўлган. 

Скриншот: Facebook/IslamKarimovFoundation

У спортсевар инсон бўлгани учун катта теннис билан шуғулланган, бу ҳам унга жуда оғирлик қилган. Каримовнинг спарринг-шериклари спорт усталари бўлган ва давлат раҳбари улар билан тенгма-тенг, фаол ҳаракатланар эди. Охирги 5-6 йилда спарринг-шериклари унга тенг кела олмай қолишганди. Бу мутлақо ҳақиқат. Аслини олганда спорт устаси, дейлик полковник Шепелев 3-4 геймгина чидарди, чунки Ислом Каримовнинг зарбалари жуда кучли бўлган. У теннисни ҳаммамиздан яхши ўйнарди. Бу ҳеч қандай муболағаларсиз айтилган гап. Ҳафтасига уч марта теннис ўйнардик. Тахминан соат 20:00 атрофида теннис ўйнашни бошлардик ва бу 1,5-2 соат давом этарди. Бундан ташқари у сузиш билан шуғулланарди, шунчаки сувга тушиш эмас, айнан сузиш! У узоқ вақт сузарди. Шуларга қарамай, Каримов ўзини жисмоний машқларга кам вақт ажратади, деб ҳисоблар эди.

Унинг шахс сифатидаги хусусиятлари ҳақида гапирадиган бўлсам, у жуда адолатли, талабчан бўлган - энг аввало ўзига ва кейин бошқаларга. У бизни дўстларим деб атарди. Менинг ҳеч қачон ака-укам бўлмаган ва мен бу инсонни ўз акамдек яхши кўрардим. Менга сўз берилганида кўпинча "Сиз бахтлимисиз?" деб сўрашарди. Албатта, бахтлиман, чунки тақдир менга 25 йил давомида шу инсоннинг ёнида бўлиш бахтини ато этди. Бу вақт давомида мен тинимсиз ўқиб-ўргандим. Ҳаётим давомида мактаб, институт, аспирантурада ўқиб, кейин докторлик диссертацияси ёқлаб, касбий маҳоратимни шакллантирган бўлсам-да, бу инсоннинг ёнида ўтган 25 йил - мен учун ҳаёт мактаби бўлди. У бизга кўп нарсани ўргатди.

Скриншот: Facebook/IslamKarimovFoundation

Мен у инсондан ўрганган энг муҳим нарса - адолатли бўлиш ҳамда бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ва албатта, меҳнатсеварлик. Мен ўзим ҳам анча яшаган бўлсам-да, унинг узоқни кўра билиш қобилияти мени ҳайратга соларди. Мен кўзим остидаги нарсани кўрмаслигим мумкин эди, у эса узоқ йиллар олдиндаги нарсани кўра биларди. У дўст сифатида ажойиб эди. Биз доим уни ишдан чалғитишга ҳаракат қилар эдик, лекин жуда камдан-кам ҳолатларда бунинг уддасидан чиқардик. 

Биз у билан тенгдошмиз. Бизнинг ҳатто қорбўрон ўйнаган суратларимиз бор. Мен учун бу буюк дўстлик эди... У жуда яқин дўстим эди. Мен шундай инсонни йўқотдим ва бу, албатта, жуда оғир... Каримов ўта камтар инсон бўлган. У ҳатто туғилган кунига ҳам ҳеч қачон қўшиқчиларни таклиф қилмаган. 

Скриншот: Facebook/IslamKarimovFoundation

Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонни беҳад севарди. Хорижда бўлганимизда ҳам, денгиз олдида туриб ўша мамлакатнинг табиатини мақтасак, "Бизда-чи, бизда ёмонми?!" дерди. У ҳатто ҳаётининг охирги кунларигача Арманистон президентининг Путинга айтган гапларини кечира олмаган, у Путинга "энг яхши ўриклар Арманистонда ўсади", деб айтган экан. "Қандай қилиб бизникидан яхши бўлиши мумкин ўриги?" дерди", дея хотирлайди Аваков. 

Вячеслав Ервандович Аваков - тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда анестезиология ва реаниматология кафедраси асосчиси. 300дан зиёд илмий мақола ва 8 монография муаллифи. 1974-2009 йилларда Тошкент давлат Тиббиёт институти (ҳозирда Тошкент медицина академияси) анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири. Бугунги кунда Республика тезкор тиббий ёрдам ўқув маркази раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда.