Дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингининг юқори поғоналарини эгаллаб келувчи Билл Гейтснинг мисли кўрилмаган муваффақияти истеъдод ва саъй-ҳаракатлардан кўра бизга боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида "сўзлайди".

Албатта, бизга нима учундир доим ҳаётда катта муваффақиятга эришган кишилар юқори малака ёки истеъдодга эга экандек кўринади. Бироқ аслида бундай эмас, дейилади BBC'да.

Мисли кўрилмаган муваффақият, қоидага кўра, мисли кўрилмаган шарт-шароитларда юзага келади.

Аксарият муваффақиятли одамлар шунчаки керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлишган.

Кўпчилик Гейтс ва унга ўхшаганлардан муваффақият сирларини билиб олиш мумкин деб, уларни ҳурмат ва эътирофга лойиқ деб ҳисоблашади. Бироқ агар сиз улар муваффақиятга фақатгина қаттиқ меҳнат орқали эришган деб жиддий ўйласангиз, адашасиз. Ҳаттоки Гейтсга астойидил тақлид қилсангиз ҳам, унинг мартабасига эришишингиз амримаҳол.

Масалан, Гейтс ўзига тўқ оиладан чиққан. Хусусий таълим унга ўз даврида дастурлаштириш тажрибасига эга бўлиш имконини берган, зеро у вақтлар аҳолининг 0,01 фоизидагина компьютерда ишлаш имкони бўлган.

Биллнинг онаси IBM директорлар кенгаши раиси билан таниш бўлган ва бу унга ўз даврининг илғор компьютер компанияси билан шартнома тузиш имконини берган. Бу эса, ўз ўрнида, унинг шахсий империясини қуришда ҳал қилувчи роль ўйнаган.

IBM комьютерларини харид қилган мижозлар у билан бирга тақдим этилувчи Microsoft дастурий таъминотини ўрганишига тўғри келган. Бу аввалбошданоқ бозордаги вазиятни Microsoft фойдасига ҳал қилган: мижозларнинг аксарият қисми ундан кейин ҳам компаниянинг дастурий таъминотидан фойдаланишда давом этишган - бу унинг объектив жиҳатдан яхшироқ бўлгани учун эмас, қўшимча нарсани ўзлаштириш учун кўпчиликнинг вақти бўлмаганидандир.

Бугунги кунда Microsoft бозордаги улуши бўйича рақибларини бир неча баробарга ортда қолдириши мумкин, аслида эса бу тафовут аввалбошданоқ Гейтснинг омади келгани билан изоҳланади.

Алабатта, Microsoft'нинг муваффақиятида Билл Гейтснинг истеъдоди ва меҳнати ҳам муҳим аҳамиятга эга, бироқ қолган омилларсиз бунинг ўзи етарли бўлмасди - демак, қайсидир маънода шарт-шароитлар истеъдод ва меҳнатдан муҳимроқ.

Кимлардир "қаттиқ меҳнат ва юқори иштиёқ натижасида муваффақиятга эришган одамлар ҳам талайгина, шунинг учун уларнинг ютуқларини камситиш адолатдан эмас", деб айтиши мумкин. Баъзилар ҳатто муваффақиятнинг сеҳрли рақамлари борлигига ишонишади - дейлик айнан 10 йил ёки 10 минг тажриба ва ҳ.к.

Кўплаб профессионал ва экспертлар ўз кўникмаларига ҳақиқатда қаттиқ ва мақсадли меҳнати эвазига эришишган. Биз ҳатто Гейтснинг муваффақияти сирларидан бири - унинг ўсмирлик чоғидаги дастурлаш йўналиши бўйича олган 10 минг соатлик таълими деб айтишимиз ҳам мумкин.

Фото:Getty Images

"10 000 соат тажриба" қоидаси психолог Андерс Эрикссоннинг тадқиқотларига асосланган ва америкалик Мал­коль­м Гла­ду­эл­лнинг "Даҳолар ва аутсайдерлар" китоби орқали оммалашган.

Экспертлар таржимаи ҳолининг батафсил таҳлили ташқи омиллар ҳам кўпинча муҳим роль ўйнайди, деб тахмин қилиш имконини беради. Масалан, Буюк Британиянинг стол тенниси бўйича уч чемпиони ҳам бир шаҳарда, бир кўчада улғайишган.

Бу ерда гап тасодифлар ва ҳатто у ерда бошқа ҳеч нарса билан шуғулланиш имкони бўлмаганидан эмас. Маълум бўлишича, стол тенниси бўйича машҳур мураббий Питер Хартерс нафақага чиққанидан кейин айнан шу жойга кўчиб ўтган. Аксарият болалар айнан машҳур мураббий билан бир кўчада яшагани учун ҳам спортнинг мазкур турига жалб қилинган; уларнинг уч нафари афтидан ўша 10 минг соат сабоқ олиш ва охир-оқибат миллий чемпионатда ғалаба қозонишга муваффақ бўлган кўринади.

Бунинг учун уларга қобилият ҳам, қаттиқ меҳнат ҳам керак бўлган, албатта. Бироқ тасодифан танланган бола ҳатто 10 минг соат шуғулланса ҳам, миллий чемпионлик мақомини олиши қийин. Бундай муваффақиятга омадсиз эришиб бўлмайди - масалан, тажрибали мураббийнинг борлиги ва оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши ҳам спортчининг омадидир.

Стол теннисида жуда ҳам қобилиятли бўлиб, бошланғич шарт-шароитларга эга бўлиш борасида омади келмаган болани тасаввур қилинг - унинг яхши мураббийи бўлмаслиги мумкин ёки у яшайдиган мамлакатда спорт у қадар ривожланмаган бўлиши мумкин. Бундайлар ўз салоҳиятини амалга ошириш имконига эга бўлмай, четда қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлиш хусусияти шу қадар муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкинки, бу ҳар қандай шахсий фазилатларни ортда қолдиради. Тўғрисини айтганда, биз энг яхши деб ҳисоблаган одамларимизга кўр-кўрона тақлид қилишимиз ва худди шундай муваффақиятга эришишга умид қилишимиз керак эмас. Асосийси - бойлик ва муваффақиятни дунёни янада яхшироқ қилиш йўлида сафарбар этиш.

Омадни қадрлаб, ўз муваффақиятларини фақат ўз меҳнати билан ўлчамайдиганлар катта ҳурматга лойиқ инсонлардир.