Сайт таҳририятига юртдошларимиздан «патентга тўлов қандай ва қай муддатда тўланади, ўз вақтида тўламаса нима бўлади?», деган саволлар кўп келмоқда. Бугун шу масалага ойдинлик киритмоқчимиз.


Патентнинг амал қилиш муддати қандай?

Патент 1 ойдан 12 ой муддатигача берилади. Патентнинг амал қилиш муддати бир неча марта узайтирилиши мумкин. Шундай бўлсада, патент муддати берилган кунидан 12 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Патент муддати унинг учун олдиндан амалга оширилган тўлов давригача узайтирилган ҳисобланади. Агар вақтида тўлов амалга оширилмаса, охирги амалга оширилган тўлов даври тугаган куннинг эртасидан патент муддати тугаган ҳисобланади.


Патент учун тўловни қачон амалга ошириш керак?

Патент учун тўловни ҳар ойда ёки бир неча ойга олдиндан амалга ошириш мумкин. Бироқ, бирданига 12 ойдан ортиқ муддатга тўлаб бўлмайди. Сабаби, патентнинг умумий муддати 12 ойдан ортиқ эмас.

ДИҚҚАТ: Кўпчилик патентни қўлга олган кун санасидан келиб чиқиб тўламоқда. Бундай қилиш нотўғри. Патент тўловини унинг орқасидаги «Дата выдачи» деган жойда ёзилган санагача амалга ошириш лозим.

Масалан, патентни 12 февраль куни олгансиз. Патент орқасида эса 06 февраль кўрсатилган. Бундай ҳолда ҳар ойнинг 05 санасигача тўлаш лозим (кейингиси 05 мартгача, ундан кейингиси 05 апрелгача ва ҳоказо. Шундай қилиб ушбу ҳолатда тўлов амалга ошириш учун охирги кун кейинги даврнинг 05-санаси. 06-куни тўлов қилиш нотўғри. Чунки ойнинг олтинчи куни кейинги давр бошланган бўлади. Тўловни ўша давр бошланмасдан амалга ошириш шарт.) Яна бир бор эслатиб ўтамиз, патент тўловини унинг орқасидаги «Дата выдачи» деган жойда ёзилган санагача, яъни шу кундан камида бир кун олдин амалга ошириш шарт. У ерда ёзилган кунда тўлов қилиш ҳам нотўғри бўлади.

Агар сиз 2015 йилда олган патентингиз ўрнига мамлакатни тарк этмай янги патент олган бўлсангиз, патент тўловини янги олган патентингизда ёзилган санагача амалга оширишингиз шарт. Масалан: Эски патентда ёзилган сана 06 февраль эди. Янгисида эса 18 февраль ёзилган. Бундай ҳолатда тўловни кейинги даврнинг 17-санасигача амалга ошириш зарур.

Биз патент тўловини эртароқ, муддат тугашидан 3–5 кун олдин амалга оширишни маслаҳат берамиз. Шунда дам олиш ва байрам кунларига тўғри келиши туфайли тўловни қилишда муаммолар бўлмайди.

ДИҚҚАТ: Патент тўловини бир кунга кечиктириш ҳам унинг муддати тугашига ва унинг бекор қилинишига олиб келади. Муддатини ўтказиб тўлашнинг фойдаси йуқ. Чунки муддати тугагандан кейин уни тиклаш имконияти қонунда кўрсатилмаган.

Патент учун тўловни қаерда амалга ошириш мумкин ?

1. Миграция марказларида.

2. Ҳар қандай банк бўлимларида.

3. «Юнистрим» пул ўтказиш тизими орқали.

4. «Сбербанк. Онлайн» мобил дастури орқали банк картаси ёрдамида.


Патент вақтида тўланмади. Нима қилиш керак?

№ 115-ФҚ «Чет эл фуқароларининг РФдаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонуннинг 5-банд, 13.3 моддасида «Патент муддати, у учун олдиндан амалга оширилган тўлов давригача узайтирилган ҳисобланади, деб кўрсатилган. Тўлов амалга оширилмаса, охирги амалга оширилган тўлов даври тугаган куннинг эртасидан патент муддати тугаган ҳисобланади».

Ўша қонуннинг 5-моддасига биноан, «Чет эл фуқароси патенти муддати узайтирилмаган ёки унга берилган патент бекор қилинган тақдирда, агар ушбу фуқаронинг РФдаги вақтинча яшаш муддати (регистрацияси) тугаган бўлса, у РФ ҳудудидан чиқиб кетиши шарт».

Бошқача қилиб айтганда, агар чет эл фуқароси патентини ўз вақтида тўламаган бўлса, зудлик билан Россиядан чиқиб кетиши ва қайта кириб янгидан патент олишга ҳужжат топшириши зарур. Акс ҳолда, фуқарони РФда вақтинча яшаш қоидаларини бузганлиги учун суд орқали маъмурий тарзда чиқариб юборишлари (административное выдворение) ёки унга нисбатан киришга тақиқ (запрет на въезд) қўйишлари мумкин.


Патент тўлаш пайтида қандай маълумотларни киритиш керак?

Биринчи тўловдан қолган чекда ёзилган маълумотларни ҳамда ИНН номерингизни киритишингиз зарур.

«Адрес плательщика» қаторида сиз ишлаётган ташкилотнинг юридик адресини киритган маъқул, гарчи ушбу манзил сизнинг регистрациянгиздаги манзил билан бир хил бўлмаса ҳам. Шундай қилиш кейинчалик НДФЛ солиқни қайтариб олишга ёрдам беради. Агар сиз фирмада эмас, жисмоний шахс (физический лицо) қўлида ишлаётган бўлсангиз, регистрациянгиздаги адресни киритиш лозим.


ИНН рақамини қандай билиш мумкин?

ИНН рақами патентнинг ўзида, паспорт номери ёнида кўрсатилган бўлади. Агар сизнинг патентингизда ИНН кўрсатилмаган бўлса, регистрациянгиз манзили бўйича туман солиқ инспекциясига (налоговая инспекция) мурожаат қилишингиз лозим. ИНН 5 иш кунида бепул берилади. Уни олишда паспорт таржимаси ва регистрация керак бўлади.

ДИҚҚАТ: ИНН рақами бўлмаса, патент тўловини амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун патент тўлови муддати келмасидан ИНН бор ёки йўқлигини текшириб кўришни ва бўлмаган тақдирда, туман солиқ инспекциясига мурожаат қилиб, патент тўлови муддатигача ИНН олишни тавсия қиламиз.

 

Патент тўлови ҳақидаги чек йўқолса, нима қилиш мумкин?

1. Биринчи чекни миграция маркази (Единый миграционный центр) ёки ФМХ (ФМС)да тиклаш мумкин.

2. Кейинги чекларни тўлов қилинган банкда тиклаш мумкин.

3. Солиқ инспекциясида барча тўловлар ҳақида кўчирма (выписка) олиш мумкин.

Бу муҳим!

Барча чекларни сақлаб, улардан нусхалар олиб қўйинг. Чунки чекдаги ёзувлар ўчиб кетиши мумкин. Чеклар сизнинг патентингиз муддати тугамагани ҳамда сиз Россияда қонуний юрганингизни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Бундан ташқари, кейинги йилда мамлакат ҳудудини тарк этмай, янги патент олиш учун ҳам чеклар керак бўлади. Бирор-бир сабаб билан сизга нисбатан Россияга киришга тақиқ қўйишса ҳам, чекларнинг ёрдами тегади.

Россиядан бошқа жойга бориб келмоқчи бўлсангиз ва тез кунларда қайтиб келиб ишлаш ниятингиз бўлса, четда юришни режалаштирган муддатингизга ҳам олдиндан патент тўловини амалга оширинг. Чунки патент муддатини тўхтатиб қўйиш имконияти йўқ. Шундай қилсангиз, қайтиб келиб патент бўйича ишлайверасиз. Акс ҳолда, янгидан патент олишга тўғри келади.

Ботиржон Шерматов,

Юрист – консультант.

Манба: http://migrant.mobi/patent/