Профессионал боксдаги фаолиятини муваффақият билан давом эттираётган Фазлиддин Ғоибназаров навбатдаги жангини шу йилнинг декабрида ўтказади.

Sports.uz хабарида ёзилишича, у 9 декабрь куни россиялик 35 ёшли спортчи Андрей Климовга қарши рингга кўтарилади.

Бундан аввалроқ, унинг тўртинчи рақиби мексикалик Алексис Дел Боске бўлиши ҳақида хабар берилганди.

Жанг Нью-Йоркдаги афсонавий Madison Square Garden аренасида бўлиб ўтади.

Климов 2009 йили профессионал фаолиятини бошлаган ва шу вақтгача 23 марта жанг ўтказиб, 19 ғалаба (9 нокаут) ва 4 мағлубият қайд этган. У фаолияти давомида Жаҳонгир Раҳимов, Аббос Анваров ва Бобир Норматов каби ўзбекистонлик боксчилар билан тўқнаш келган ҳамда ғалаба қозонган.

Бундан ташқари, Климов 2013 йили жаҳон боксининг кўзга кўринган вакилларидан бири америкалик Теренс Кроуфорд билан жанг ўтказиб, мағлуб бўлган. Теренс айни вақтда биринчи ярим ўрта вазн тоифасида WBC, WBA, IBF, WBO камарлари соҳиби ҳамда The Ring етакчиси ҳисобланади.

Рио Олимпиадаси олтин медали соҳиби Фазлиддин Ғоибназаров профессионал рингдаги илк жангини 22 апрель куни америкалик Виктор Васкесга қарши ўтказиб, нокаут билан ғалаба қозонганди. У 20 майда иккинчи жангида америкалик Агустин Маурасни таслим этди. Учинчи жанг эса мексикалик Виктор Росасга қарши ўтказилди.