Coca-Cola Hellenic Bottling Company (Coca-Cola HBC) компанияси раҳбари Димитрис Лоис 2 октябрь куни ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида компания матбуот хизматида хабар берилди.

"Coca-Cola HBC бугун чуқур қайғу билан ўз раҳбари Дмитрис Лоиснинг 2017 йил 2 октябрида ҳаётдан кўз юмганини маълум қилади", - дейилади компания релизида. Компания сентябрь ойида Лоиснинг соғлиғидаги баъзи муаммолар сабаб раҳбарлик лавозимини вақтинчалик тарк этиши ҳақида эълон қилганди. 

"Димитриснинг ўлими ҳақидаги хабардан чуқур қайғудамиз. Уни шахсан таниш ва кўп йиллар давомида бирга ишлаш катта шараф бўлди", - дейди Coca-Cola HBC директорлар кенгаши раиси Анастейссис Дэвид.

Михалис Имеллос ҳозирча компания раҳбари вазифасини бажаришни давом эттиради, дейилади релизда.

Coca-Cola Hellenic – The Coca-Cola Company товар белгиси остидаги ичимликларни ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан бири. Coca-Cola Hellenic 28 мамлакатда ўз бизнесини юритади. 2017 йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, компанияда тахминан 29,6 минг киши ишлайди.