Дон казаклари ИШИД томонидан Сурияда қўлга тушган россиялик ҳарбий асирлар сифатида намойиш этилган асирлардан бири Роман Заболотнийни танишди. Бу ҳақда Дон ҳарбий бошқармасидаги ҳарбийлар, Заболотнийнинг хизматдошларига асосланган ҳолда "Интерфакс" агентлиги хабар тарқатди.

"Казаклар унинг қайтиши учун дуо қилишарди. Улар учун бу видео шокка туширувчи видео бўлди", дейилган агентлик хабарида.

Манбанинг қайд этишича, Роман Заболотний фаол ва намунали казак бўлган, у Россияда кемачи бўлиб ишлаган. Охирги вақтларда у билан алоқа узилиб қолганди. Унинг Сурияга кетиш ниятидан ҳеч кимнинг хабари бўлмаган. Ҳозирда унинг хизматдошлари Романнинг оиласини қўллаб-қувватлашмоқда.

Бундан аввалроқ "Новая газета" нашри асирликдаги иккинчи россиялик "Ҳарбий биродарлар. Домодедово" жамоат ташкилоти аъзоси бўлгани ҳақида ёзганди.

"Ҳа, бу ўша. У қандай Сурияга бордию, қандай асирга тушган экан. Биз қолганини билмаймиз", - деганди ташкилот вакилларидан бири нашр мухбирига.

28 сентябрь куни ИШИД жангарилари икки рус асирни намойиш этиб, улар Суриянинг  Дайр-эз-Заврдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида асирга тушган россиялик ҳарбий хизматчилар эканини маълум қилишганди.

Видеода кулранг коржома кийган икки кишини кўриш мумкин, улардан бири рус тилида гапиради ва Аш-Шол яқинида асирга тушганлари ҳақида айтади. Бу Ростов вилоятида яшаган Роман Васильевич  Заболотний. У шериги Сурканов Григорий Михайлович Москва вилояти, Домодедово туманидан эканини гапирган (у бутун видео давомида жим турган. Унинг юзида калтаклаш аломатлари кўриниб турибди, унинг ўнг кўзи кўкариб, юмилиб қолган). "Новая газета" мухбири кейинчалик унинг аниқ фамилияси Цурканов эканини аниқлади. 

Ушбу видеога Россия Мудофаа вазирлиги муносабат билдирди ва улар Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар давомида асирга тушган ҳарбийлар эканини инкор этди.