Россиянинг Владимир вилоятида автобус ҳамда поезд иштирокидаги ЙТҲда Ўзбекистоннинг камида 15 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА Новости Владимир вилояти губернаторининг матбуот котиби Рита Шляховага асосан хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, жума кунига ўтар кечаси Қозоғистон давлат рақамига эга бўлган автобус Владимир вилоятидаги темир йўлни кесиб ўтиш жойида поезд билан тўқнашиб кетди. 

Фото: LIFE RR

Қайд этилишича, Mercedes русумли автобусда носозлик юз берган. "Қозоғистон давлати рақамлари бўлган автобусда Ўзбекистон фуқаролари кетаётган бўлишган. Темир йўлни кесиб ўтиш жойида автобус тўхтаб қолган. Автобусдаги йўловчилар ухлаётган бўлишган, уларнинг сони тахминан 50 киши эди, ҳайдовчи бақирган, 34 киши автобусдан югуриб тушишган. Улар тирик қолишди, автобуснинг ичида қолганлар ҳалок бўлди. Автобус бутунлай тиклаб бўлмас ҳолатга келган", - деган Шляхова.

Шунингдек, Шляхованинг маълумотини Владимир вилояти соғлиқни сақлаш департаменти директори Александр Кирюхин ҳам тасдиқлади.

Ҳозирда қутқарувчилар омон қолганларни Покровдаги маданият уйида вақтинчалик жойлаштириш ишларини олиб боришмоқда. "Айни дамда у ерда 34 киши жойлаштирилди. Улар билан психологлар иш олиб бормоқда", - деган Кирюхин.

Аввалроқ ҳодиса оқибатида 16 киши ҳалок бўлгани хабар берилганди. Охирги хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 17 нафар, уларнинг икки нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.