Ўтган дам олиш кунларида Европа давлатлари жами электр энергиясининг чорак қисмини шамол ускуналари орқали олган. Бу йўсинда ишлаб чиқарилган электр энергияси 197 миллион уй хўжалигини таъминлаш учун етарли бўларди. Янги рекорд ўрнатилишига асосий сабаб Европа бўйлаб юз берган кучли довуллардир, деб ёзади hightech.fm.

Ўтган шанба куни Европада истеъмол қилинган жамики электр энергиясининг 24,6 фоизи ЕИнинг 28 та давлатида ўрнатилган шамол қурилмалари орқали олинган, деб хабар беради Electrek консалтинг фирмаси бўлмиш Ecofys’нинг эълон қилинган маълумотларига асосланиб. Денгиз шамол генераторларининг етарли даражада машҳурлигига қарамасдан, улар бор-йўғи 11,3 фоиз энергия ишлаб чиқарган. Электр энергиясининг катта қисми — 88,7 фоизи ер усти шамол элекр станцияларида ишлаб чиқарилган. 2016 йил якунларига кўра Европада умумий қуввати 141,1 ГВт бўлган шамол генераторлари, ва 12,6 ГВт.ли денгиз турбиналари ўрнатилган.

Фото: Twitter.com/Sustainable2050

Ишлаб чиқарилган электр энергияси Европадаги 197 млн. уй хўжаликларини таъминлашга ёки саноат корхоналарига зарур бўлган энергияни 68 фоизга қондиришга етарли.

Рекорд кўрсаткичга эришилишига сабаб — дам олиш кунларида электр энергиясига бўлган талабнинг сусайишидир — кўплаб саноат корхоналари ишни тўхтатди ва истеъмол қилинаётган энергия миқдори камаяди. Баъзи бир экспертларнинг фикрича, шамол энергияси улушининг ортишига сабаб дам олиш кунлари Европага ёпирилган ва 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган довул ҳамдир.

Геманияда ўтган дам олиш кунларида электр энергиясининг таннархи нолдан ҳам пастга тушган. Бунга сабаб шамол электр станцияларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши бўлди. Маълум бир даврда бир мегаватт электр қувватининг қиймати минус 100 еврога тенг бўлган.

Ўтган шанба куни барча шаамол генераторлари Германиянинг электр энергиясига бўлган талабини 61 фоизга қондирган. Дания ШЭСлардан 109 фоиз энергия олган, Португалия — 44 фоиз, Ирландия — 34 фоиз. 28 та давлатдан 10 таси керакли электр энергиянинг камида 20 фоизини шамол генераторларидан олган.

Европа шамол энергетикаси ассоциациясининг прогнозларига кўра, ШЭСлар 2030 йилга бориб бутун Европанинг талабини 30 фоизга қондира бошлайди. WindEurope саноат гуруҳи ҳисоботига кўра 2016 йилда минтақада кунига ўртача битта янги турбина барпо этилган. Йил давомида электр тармоғига 338 та янги шамол турбиналари уланган.

Агар ривожланиш суръатлари сақланиб турса, 2020 йилга бориб Европадаги шамол генераторларининг қуввати 204 ГВт.га етади. Шамол энергияси ўз-ўзидан энг талабгир тикланувчи энергия манбаига айланади ва Европа давлатларининг электр энергиясига бўлган талабини 16,5 фоизга қондиради.