3 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бошланган МДҲ аъзо давлатлари Ҳукумат раисларининг навбатдаги йиғилишида 18та турли ҳужжат лойиҳалари муҳокама этилиши кутилмоқда. Кун давомида тор ва кенгайтирилган тартибда ўтказилиши режалаштирилган йиғилишларда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига оид саволлар кўриб чиқилади. Шунингдек, йиғилиш сўнгида иштирокчилар келгуси тадбирнинг ўтказилиш санаси ҳамда жойини аниқлашади.

Бугунги йиғилиш давомида МДҲ Ҳукумат раҳбарларининг халқаро картелларга қарши самарали кураш йўлида кучларни бирлаштириш тўғрисидаги баёноти кўриб чиқилади. Унда соф рақобат шароитини бузиш, аъзо давлатлар иқтисодий ривожланишига рахна солиб турган халқаро картеллар фаолиятига баҳо бериб, номақбул ўсиб бораётган, тан олинган халқаро конвенция шартларини бузиб келаётган иқтисодий фаолият турига халқ ва давлат манфаатлари юзасидан МДҲ аъзо давлатларидаги вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар муҳокама этилади.

Шунингдек, 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган Эркин савдо ҳудуди шартномасида кўрсатилган чора-тадбирларнинг амалиётга жорий этиб борилиши ва муваққат режалари қайта кўриб чиқилади. Бу ўринда ўтган бир йил мобайнида аъзо давлатлар орасида айрим турдаги импорт товарларга нисбатан божхона солиғи, ўзаро савдо алоқаларида антидемпинг ва компенсацион, махсус ҳимоя чоралари камайтирилгани инобатга олинмоқда.

Ташкилотга аъзо давлат ўртасида логистика ва транспорт ташуви соҳасида ҳамкорлик ва ривожланиш босқичини янги даражага олиб чиқиш шартлари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, Мустақил давлат ҳамдўстлиги маконидаги мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорликда қуриши кутилаётган сув иншоотлар, мелиоратив тизимлар муҳокама этилади ҳамда унинг ҳуқуқий асослари ўрганилади.