Дунёдаги замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади. Масалан, ҳозирги кунда ГФРда ЯИМнинг 2,7%ини, АҚШда -2,8%ини ва Японияда 3,5% ини айнан инновацияларни ривожлантиришга қаратилаётгани юқоридаги фикрнинг яққол далилидир.

2016 йилда Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун бюджетдан ажратилган маблағ ҳажми 172,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг бундан ҳам кўп маблағлари инновацион фаолиятга йўналтирилган бўлиб, 2016 йилда ушбу маблағ 300 млрд. сўмдан зиёдни ташкил этди. 

Ушбу соҳада тўпланган тажриба ва амалиёт шуни кўрсатадики, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида инновацион фаолиятни янада ривожлантириш йўлида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар ичида айниқса, инновация фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатининг йўқлиги; айниқса, инновацияларни яратувчи субъектларга ва инновациялардан фойдаланувчиларга тегишли имтиёзлар берувчи ва рағбатлантирувчи механизмлар кўзда тутилмаганлиги бу борада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалардан бири ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, инновацияларнинг ҳаётимизга кенг кириб келиши йўлида ҳали қатор ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга оширилиши лозим. Бунда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишни бугунги даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Шу мақсадда махсус тузилган ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Қонун лойиҳаси қатор прогрессив нормаларни ўз ичига олган бўлиб, унинг асосий мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унда, энг аввало, инновациялар ва инновацион фаолият билан боғлиқ асосий тушунчаларнинг таърифлари келтирилган ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш тамойиллари шу билан бирга механизмлари очиб берилган. Қонун лойиҳасида шунингдек, инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан шуғулланувчи асосий органлар ҳамда уларнинг ваколатлари нималардан иборатлиги бирма-бир санаб ўтилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларнинг бу соҳадаги ваколатлари, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари кўрсатилган.

Шу билан бирга, инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун лойиҳасида кўрсатиб ўтилмоқда.

Шу кунларда мазкур қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтмоқда. Жумладан, Тошкент Давлат Техника университети, Ўзбекистон миллий университети, Фанлар Академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа қатор ташкилот ва муассасаларда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамалар ташкил қилиниб, унда кенг жамоатчилик, мутахассислар, экспертлар, депутатлар, олимлар, шу жумладан, ёш олимлар иштирок этмоқда.

Билдирилган таклифлар ишчи гуруҳи томонидан диққат билан ўрганиб чиқилади ва уларни умумлаштириш асосида қонун лойиҳаси такомилига етказилиб, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Қодир Жўраев