Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишлаш учун кетган фуқаролар орасида, афсуски, мамлакат нуфузига путур етказувчи шахслар ҳам талайгина. Ташқи миграция масалалари агентлигининг 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шунга доир маълумот берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Миграция бўлими бошлиғи М.Азизов ҳамда Корея инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пак Сан Лунинг сўзларига кўра, қуйидаги турдаги шахслар Корея Республикасида Ўзбекистон имиджига салбий таъсир кўрсатмоқда:

    Тил билмайдиган шахслар;
•    Кўп иш ўзгартирувчи шахслар;
•    Ноқонуний меҳнат фаолиятини юритувчилар.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йил бошидан шу кунга қадар Кореяга жўнаб кетган ишчилар сони - 2600 га яқин. Ўзбекистондан Жанубий Кореяга кетганлар икки соҳада фаолият юритади:

1. Ишлаб чиқариш;
2. Хизмат кўрсатиш.

Жанубий Кореяга йўл олувчилар E-9 тартиби бўйича қабул қилинади. E-5 ва E-7 бўйича ҳам визалар мавжуд, бироқ уларни Кореянинг ўзида алмаштириш керак бўлади. Агар ишчи визалар E-9, E-7, E-5 тартибидан ташқарига чиқса, фуқаро ноқонуний фаолият юритаётган ҳисобланиб, Ўзбекистонга депортация қилинади. 

Шуниси диққатга сазоворки, Жанубий Кореядан ўз вақтида қайтган фуқаролар учун ҳатто мукофот пуллари белгиланган. 4 йил давомида Кореяда яхши ишлаганлар учун ҳам махсус имтиёзлар мавжуд. 

Булардан асосий мақсад - ўзбекистонлик фуқароларнинг Кореяда малака ошириши ва ўз юртига қайтгач, у ерда олган тажрибасини Ўзбекистонда тадбиқ этиши, мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиши. Тадбирда таъкидланишича, Кореяда ишлаб қайтганлар бугунги кунда эркин иқтисодий зоналарда ташкил этилаётган корейс корхоналарида ҳам ишлашлари мумкин бўлади. Буларнинг бари Ўзбекистон имиджини кўтаришга йўналтирилган. 

Бундан аввал Жанубий Кореяга кетиш тартиби тубдан ўзгаргани ҳамда у ердан қайтганлар суғурта пулларини олиб кетишлари кераклигига доир маълумотлар берилган эди.