Техаснинг Сазерленд-Спрингс шаҳарчасидаги черковда оммавий қотиллик содир этган Девин Келли ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда 6 ноябрдаги матбуот анжуманда Техас штати жамоат хавфсизлиги департаменти вакили Фриман Мартин маълум қилди. 

Мартиннинг айтишича, Келли жиноят жойи яқинида ўз автомобилида ўлик ҳолда топилган.

Полиция вакилларининг маълум қилишича, қотил черковдаги отишма вақтида 15 та ўқдонни бўшатган. Отишмадан кейин Келли маҳаллий фуқаро билан отишмага киришган ва у томондан яраланган. ОАВ бу шахс 55 ёшли Стивен Уилфорд эканини маълум қилган.     

CNN телеканалининг маълум қилишича, отишмада яраланган 14 киши, жумладан бир неча бола шифохонада қолмоқда. Улардан камида 10 нафарининг аҳволи жуда оғир.

Ruger милтиғи билан қуролланган Келли 5 ноябрда Сан-Антонио шаҳри яқинидаги Сазерленд-Спрингс шаҳарчасида жойлашган биринчи баптист черковига бостириб кириб, у ердаги одамларни ўққа тута бошлаган. Оқибатда 26 киши ҳалок бўлган, 20 га яқин киши жароҳат олган. 

Кейинроқ маълум бўлишича, Келли 2014 йилда АҚШ қуролли кучларидан уставга зид ҳаракатлари учун истеъфога чиқарилган ва 12 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган.