Ультрабинафша нурлар ёрдамида сувни микроблар ва бошқа ифлосланишлардан тозалай оладиган Quartz номли 0,5 литрли идиш яратилди.

Quartz ташқи кўриниши билан болалар термосини эслатиб юборади. Бироқ қизиғи идишнинг ичида яширинган. Унда сувни ҳид пайдо бўлишига олиб келувчи ва хавфли бўлган микроблар ва бошқа организмлардан тез тозалай олувчи ультрабинафша лампа жойлаштирилган.

Идишга 0,5 литр сув солиш мумкин. Бундай ҳажмдаги сувни тозалаш учун ультрабинафша лампани бир дақиқага ёқиб қўйиш кифоя қилади. Лампани ёқиш тугмаси идиш қопқоғида жойлашган. Қурилма яратувчиларининг ваъда беришларича, Quartz’нинг аккумулятори 2 ой ишлатишга етади. Аккумулятор microUSB разъёми орқали қувватланади.

Гаджетни ишга, тренировкага ва кўп миқдорда сувни ташиб юриш қийинчилик туғдирадиган сафарларга ҳам олиш мумкин. Quartz, шунингдек, термос каби ҳам ишлайди. 

Quartz лойиҳаси учун Kickstarter’да зарур бўлган пулни йиғишга муваффақ бўлинган. Идишнинг илк харидорлари уни 2018 йил мартида олишлари мумкин бўлади. Идишнинг буюртма бўйича нархи 59 долларни ташкил қилади.