Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан билдирилган «расмий орган мақомига эга бўлмаган Марказий Осиё мамлакат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилиши» бўйича таклифни қўллаб-қувватлади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Рашид Алимов Марказий Осиёнинг янги тарихи бошланаётгани ҳақида шахсий фикрини келтириб ўтган.

«Давлатларни икки минг йиллик тарих, ягона ўтмиш ва бир-бирига уйғун маданият бирлаштириб туради. Ҳар бир жамият ўз тақдирини мустақил белгилаши билан ўзаро ҳамкорлик қилиши минтақа учун жуда зарур. ШҲТ доирасида эришилган ҳар бир натижа бевосита Марказий Осиё давлатларнинг тақдирида ўчмас из қолдиради. Қолаверса, миллий стратегик дастурлар минтақадаги ҳамкорлик тараққиётига ҳамоҳангдир», дейди у.

Бош котиб жорий йилнинг 30 ноябрь ва 1 декабрь кунларида Сочи шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг йиғилиши ўткзалишини маълум қилди. Унда Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

«Ташкилот доирасида иккинчи энг катта тадбирни ўтказишга тайёрланмоқдамиз. Айтиб ўтиш керакки, Остона шаҳрида ўтган давлат раҳбарларининг йиғилишида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилингани эътироф этилганди. Эндиликда уларнинг ҳам фаол иштирокини кутамиз. Шунингдек, Москва шаҳрида ташкилотнинг миллий координаторлари йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Шунинг билан бир йиллик бажарилган ишлар сарҳисоб қилинади», дейди Рашид Алимов.