Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимовнинг RT’га маълум қилишича, ташкилотга аъзо давлатлар учун ягона криптовалютани жорий этиш масаласи ҳозирча муҳокама этилмаган.

«Бу мавзу ҳеч қачон экспертлик даражаси ёки молия вазирлари йиғилишида кўтарилмаган. Ҳозирча бу масала кун тартибида йўқ эди», - дея маълум қилди у.

Шунингдек, Алимов Осиё-Тинч океани минтақаси ва ШҲТнинг жаҳондаги жараёнларда тутган муҳим ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

«Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти – бу 3 млрд 120 млн киши, бу жаҳон ялпи маҳсулотининг қарийб 25 фоизи, бироқ энг асосийси – бу ер шарининг иқтисодий жиҳатдан энг фаол аҳолиси. Буларнинг бари истиқболлар ва катта салоҳиятдан дарак беради. Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, инсоният цивилизациясининг иқтисодий ривожланиши айнан шу ерда», - дея маълум қилди у.

Шунингдек, Алимовнинг қўшимча қилишича, ШҲТ аъзоларига минтақа муҳимлиги туфайли тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишга йўналтирилган фаолиятга масъулият билан ёндашиш талаб этилади.