Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Рашид Қодиров Facebook ижтимоий тармоғида «Энг чиройли ёзув» ёки ҳуснихат танловини эълон қилди. У бу ҳақда Facebook'даги шахсий профилида хабар қолдирган.

«​Яқинда Непалдаги 8 синф ўқувчисининг ёзуви дунёдаги энг чиройли ёзув, деб топилганлиги ҳақидаги мақолани ўқигандим. Бироқ, мен икки дунёда ҳам ушбу натижа билан келиша олмайман. Чунки, Ўзбекистонимизда ҳам бундан-да чиройли ёзадиган ўғил-қизларимиз кўплаб топилишига имоним комил. Шунинг учун юқорида қилинган хатони тўғрилаш учун фақат мактаб ўқувчилари ўртасида «Энг чиройли ёзув» танловини эълон қиламиз»​, деб ёзади фарғоналик депутат.

Қодировнинг хабарига кўра, танловда иштирок этиш учун ёзув дафтарининг бир бети ҳажмидаги Ўзбекистон ҳақидаги исталган матнни лотин ёзувида битиб, қўлёзманинг фото суратини Facebook'да 2017 йилнинг 8 декабригача жойлаштириш кифоя. Фойдаланувчилар томонидан энг кўп «лайк» эътирофини олган танлов иштирокчиси ғолиб ҳисобланади. Овоз бериш 2018 йилнинг 19 январига қадар давом этади. Ғолиб эса 2018 йил 30 январда мукофотланади.

Маълумот учун, бошланғич таълим қамрови бўйича Ўзбекистан юқори кўрсаткичларга эга. Ўзбекистондаги ЮНИCЕФ ваколатхонаси маълумотига кўра, умумий қамров кўрсаткичи 95% дан паст эмас. 2012 бўйича келтирилган расмий статистик маълумотларга асосан аҳолининг тегишли қисмини мактабгача таълим билан қоплаб олиш кўрсаткичи 22,7% ташкил қилган. Мактабгача таълим билан қоплаб олиш кўрсаткичи Тошкент шаҳри (53,9%) ва бошқа шаҳарларда қишлоқ ҳудудларига қараганда юқорироқ.