Клублар футболи ишқибозлари енгил тин олсалар бўлади, энди то март ойигача терма жамоалар билан боғлиқ танаффус бўлмайди. Миллий чемпионатлар ўзининг қизғин нуқтасига кириб бормоқда ва шу бир ярим ой мобайнида лигаларда чемпионлик ёки юқори ўринлар учун курашувчи жамоаларга ойдинлик киритилади.

Бу ҳафтанинг яна бир ўзига хослиги шундаки, кучли бешлик ўзининг пойтахт дербиларини тақдим этмоқда. Римда, Лондонда ва Мадридда шаҳарнинг икки кучли жамоалари орани очиқ қилади. Албатта, бошқа қизиқарли ўйинлар ҳам етарли. «Tribuna.uz» анъанавий тарзда турнинг энг қизиқарли ўйинларини анонс қилади. 

АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (18 ноябрь, 17:30)

Дербилар ҳафтасини Лондон очиб беради. Англиянинг энг ашаддий рақибларидан бири бўлган бу икки жамоа орани очиқ қилишлари кутилмоқда.

«Тоттенҳэм»даги прогрессга қойил қолиш керак. Ўтган йили АПЛ тарихида илк маротаба қўшниларидан турнир жадвалида юқори ўринни эгаллаган Почеттино жамоаси кутилаётган ушбу дербида фаворит сифатида қайд этилмоқда. Жамоа етакчи футболчилари Ҳарри Кейн ва Деле Алли, шунингдек, марказий ярим ҳимоячи Ҳарри Уинкс «жароҳатлар» туфайли терма жамоа ўйинларида иштирок этмади. Қизиғи, йиғинлар тугаши ҳамоно, улар умумий машғулотларда қатнашганликлари ва дербига тайёр эканликлари ҳақида хабарлар тарқалди. Балки Моуриньонинг шубҳаларида асос бордир?

Жамоаларни 4 очко фарқ ажратиб турибди, шу билан бирга, Венгер ҳам, Почеттино ҳам ўзларининг сўнгги топ ўйинларини бой берганликларини эътироф этиш жоиз. Манчестер клублари уларни хафа қилишганди. Шу ўринда «Арсенал»нинг ҳали ўз майдонида очко йўқотмаганини ҳам таъкидлаш жоиз.

 

БАЙЕР – РБ ЛЕЙПЦИГ (18 ноябрь, 19:30)

«Боруссия»нинг омадсиз октябридан фойдаланган «Лейпциг» иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Айни шу вақтда «Байер»нинг уларга жуда мос рақиб бўла олишларини сўнгги учрашувлардан сезиш мумкин.

«Байер» Бундеслигадаги дастлабки 4 ўйинда ғалаба қозона олмаганди. Аммо кейинчалик вазият ўнгланди, жамоа кейинги 7 ўйинда умуман мағлубиятга учрагани йўқ. Жамоа ҳали ҳам турнир ижадвали ўрталарида бораётган бўлса-да, мана шу ижобий серия туфайли, пешқадамларга яқинлашиб олди. Жумладан, агар бу ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, «Байер» рақибидан атиги 3 очколик масофада қолади холос.

Дарвоқе, ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам «Лейпциг» ғалаба қозонган. Айниқса, Ливеркузендаги ўйин эсингизда бўлса керак. Ўшанда меҳмонлар жамоаси ҳисобда ортда бораётиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Қизиғи, ўша ўйин роппа-роса бир йил олдин, 19 ноябрда бўлиб ўтган экан. 

 

ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР СИТИ (18 ноябрь, 20:00)

Ўтган мавсумни қаторасига ғалабалар билан бошлаган Пеп Гвардиола аввалига «Тоттенҳэм», кейин «Челси»дан мағлубиятга учради. Аммо бу йўинлар ўзига яраша катта ўйинлар эди, ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозониши мумкин. Бунинг устига, ўша ўйинларда ҳам «Манчестер Сити» катта ташаббус билан ўйнаганди.

Гвардиоланинг инглиз футболидаги муаммолари ҳақида айнан «Лестер»га қарши ўйиндан кейин гапирила бошланган ва айнан ўша ўйиндан кейин биринчи марта Пеп вазиятни муаммо сифатида тан олишга мажбур бўлганди. Тезкор қарши ҳужумлар ва узун пасларга асосланган «Лестер» бир бўлиммнинг ўзида манчестерликлар дарвозасига жавобсиз 4 гол уришга эришганди.

Ҳали ҳам Гвардиола «Сити» бошқарувида, ҳали ҳам ўз услубидан воз кечгани йўқ, ва ҳатто янада кучлироқ, янада барқарорроқ кўринмоқда. «Лестер» эса ўтган вақт мобайнида учинчи бош мураббий бошқарувида шуғулланаётган бўлса-да, айтарли даражада ўзгаргани йўқ, жамоанинг асосий қуроллари ва кучи ўзгармаган. Икки қарама-қарши услубнинг навбатдаги тўқнашувини ўтказиб юборишни маслаҳат бермаймиз.

 

ПСЖ – НАНТ (18 ноябрь, 21:00)

Бу ўйинга «Нант» томондан туриб қараганда, жуда қизиқ кўринади. Клаудио Раньери у ерда янги «Лестер»ни қурмоқда деб бемалол айтиш мумкин. Нантликлар 12 ўйинда атиги 9 гол ўтказиб юбориб, бу кўрсаткич бўйича фақат «ПСЖ»дан ортда қоляпти холос. Шунингдек, «Нант»нинг Франция чемпионатидаги сўнгги 10 ўйинда атиги бир марта мағлубиятга учраганини таъкидлаш жоиз.

Бу жамоалар ўртасидаги сўнгги 10 учрашувда «ПСЖ” ғалаба қозонган. Бу анъана балки бу сафар ҳам давом этиши мумкин. Лекин одатий йирик ҳисобни кутишни маслаҳат бермасдик, зеро, юқорида айтилганидек, Раньери шогирдлари лигада энг яхши ҳимояланувчи жамоа ҳисобланади.

 

РОМА – ЛАЦИО (18 ноябрь, 22:00)

Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган италияликларнинг биздан фарқи нимада, айтайми? Мана шу «мудҳиш» ҳафта охирида уларни Рим дербиси кутиб турибди. Миллий чемпионатдаги аёвсиз курашлар уларга терма жамоа дардини унуттира олади, улар қайтадан катта футбол оғушига сингишади.

Айниқса, бу сафарги дерби олдингиларидан янада фарқ қилса керак, чунки, ўйин турнир нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим. Ҳар икки Рим клуби чемпионлик учун курашмоқда ва пешқадамларни таъқиб этмоқда. Бу ўйиндаги мағлубият эса, қайсидир жамоа «Наполи» ёки «Ювентус»дан етарлича орқада қолиб кетишига сабаб бўлади.

Сўнгги 18 Рим дербисининг қарийб ярмида «Рома»нинг қўли баланд келган бўлса-да, «Олимпико»даги сўнгги ўйинни «Лацио» 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлаганди. 

 

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – НЬЮКАСЛ (18 ноябрь, 22:30)

Ширер – Кин ўртасидаги жанжал дейсизми, Мойеснинг мазахлар остида қолиши, ўша буюк требл давридаги камбэк – умуман бу жамоалар тўқнашуви Премьер Лиганинг классикаси ҳисобланади. Энди Коул, Майкл Оуэн ва бошқалар – Манчестер – Ньюкасл ёки тескари йўналишда трансфер бўлган футболчилар сони ҳам жуда кўп.

Бунга энди Моуриньо ва Бенитес ўртасидаги азалий курашни, Златан Ибраҳимович, Пол Погба каби етакчиларнинг ниҳоят сафга қайтишлари мумкинлигини қўшинг, яхшигина интрига ҳосил бўлади.

«Ньюкасл» сўнгги йилларда «Олд Траффорд»да ёмон ўйнамаяпти. Фергюсон кетганидан кейин, бу стадиондаги 3 ўйиннинг атиги 1тасида мезбонлар ғалаба қозонган, холос. Ўз навбатида, «Олд Траффорд»нинг ҳам ушбу мавсумда бошқачароқ эканини айтиш лозим – «МЮ» ўз майдонидаги лига ўйинларида бирорта ҳам гол ўтказмаган кучли бешликдаги ягона клубдир. Умуман Де Хеа бу стадионда охирги марта апрель ойида гол ўтказиб юборган экан. 

 

АТЛЕТИКО – РЕАЛ МАДРИД (18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси: 00:45)

Агар гап еврокубоклар ҳақида борганида, бемалол «Реал»ни ғолиб деб эълон қилиш мумкин бўларди, зеро Чемпионлар Лигасида бу клублар сўнгги 4 йилда плей-оффда тўқнаш келишган ва тўрт тўқнашув ҳам Қироллик клубининг ғалабаси билан якунланган.

Аммо Ла Лига бошқа мусобақа ва анчадан буён бу ерда «Атлетико» «Реал»дан кам эмас. Испания миқёсдаги турнирлардаги сўнгги 15 Мадрид дербисини олинг, атиги 2 ўйинда «Реал» ғалаба қозона олган холос. Ҳозирда ҳар икки жамоа 23 очкодан тўплаб, пешқадамдан 8 очко ортда қолишмоқда, демак мағлубиятга учраган клуб чемпионлик ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Шу ўринда «Атлетико»нинг ҳужум чизиғида муаммоларга дуч келаётганини таъкидлаш жоиз. Жамоа сўнгги 9 ўйинда 1тадан ортиқ гол ура олмади. Чемпионлар Лигасида кейинги босқичга чиқиш имконияти ҳам жуда пасайиб кетди.

Бундай мавсумни қутқариб қолишнинг ягона усули – «Реал»нинг жиғига тегиш.  

 

НАПОЛИ - МИЛАН (18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси: 00:45)

Айнан топ учрашувларда «Милан»нинг асл даражаси билиниб қолаётган бўлса-да, бу ўйинни ушбу руйхатдан тушириб қолдиришга ҳаққимиз йўқ эди. Ростан ҳам, ёзда бир қанча трансферлар амалга оширган «Милан» сўнгги турларда «Интер», «Рома» ва «Ювентус»га қарши майдонга тушди ва ҳар уч ўйинда ҳам имкониятни бой берди. Аввалроқ, «Лацио»га ҳам йирик ҳисобда мағлубият қайд этилганини эсласак, бу ўйин «Милан» учун сўнгги имтиҳондир. Агар бу ўйинда ҳам ютқазилса, кейин «Милан» ҳар қанча ғалабали сериялар амалга оширмасин, камида мана шу мавсумда жиддий эътиборга олинмайди.

«Наполи» ўтган турда «Кьево»га қарши дуранг қайд этди, Сарри шогирдлари ўйинида қандайдир ҳорғинлик аломатлари кўзга ташлангани бор гап. Терма жамоалар билан боғлиқ танаффус жамоага қўл келган бўлиши ва янги паллани яна кўтаринки рўҳда бошлашга имконият борлигидан жамоа мухлислари умид қилиб турибдилар. Зеро Чемпионлар Лигасида кейинги босқичга чиқиш имконияти жудаям пасайиб кетгач, Сарри энди асосий эътиборни Скудеттога қаратса керак.

Бошқа ТОП клублар

18 ноябрь. «БАВАРИЯ» – «АУСБУРГ» (19:30) «ЛИВЕРПУЛЬ» – «Саутҳэмптон» (20:00), «Вест Бромвич» – «ЧЕЛСИ» (20:00), «БАРСЕЛОНА» – «Леганес» (20:15)

19 ноябрь. «Сампдория» – «ЮВЕНТУС» (19:00)

20 ноябрь. «ИНТЕР«» – «Аталанта» (00:45)