Россиянинг Белоярский шаҳрида ўтаётган бокс бўйича «Нефтга эга мамлакатлар кубоги» мусобақаси бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик боксчилар мазкур мусобақада муваффақиятли иштирок этишди.

Асосий фаолияти давомида 49 килограмм вазн тоифасида рингга тушиб келаётган Ҳасанбой Дўстматов турнирда ўзи учун нисбатан оғир бўлган 52 килограмм вазнда ғолиб бўлди.

У ташкилотчилар томонидан «Мусобақанинг энг яхши боксчиси» дея тан олинди.

Спортчи билан боғланиб, унинг кейинги мусобақаларда ўз вазнига қайтиши ёки фаолиятини ўз учун янги бўлган оғирликда давом эттириши билан қизиқдик.

«52 кг вазнда ҳам ғолибликни қўлга киритганимдан хурсандман. Тўғриси, бироз қийин бўлгани рост. Лекин, навбатдаги асосий мусобақаларда яна ўзим учун қадрдон бўлган 49 килограмм вазнга қайтаман. Энди юртимизга қайтгач, бироз дам олиб, кейинги йилнинг асосий турнири - Индонезиянинг Жакарта шаҳри бўлиб ўтадиган XVIII ёзги Осиё ўйинларига тайёргарликни бошлаймиз»,- дейди Ҳасанбой Дўстматов KUN.UZ мухбирига.

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Россиянинг Белоярск шаҳрида бўлиб ўтган «Нефт мамлакатлари кубоги» мусобақасида 1та олтин, 3 кумуш медал билан 13 мамлакат ичида (130дан ортиқ спортчилар) умумжамоа ҳисобида мезбонлар Россия терма жамоасидан (8 олтин, 7 кумуш, 13 бронза) сўнг 2-ўринни қўлга киритди. Қозоғистон терма жамоаси эса 1 олтин, 1 кумуш, 2 бронза медали билан 3-поғонани банд этди.