Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишига оид навбатдаги батафсил видео тарқалди.

Президент мажлис давомида вилоят ҳокими ўринбосарлари, солиқчилар, прокурорлар ва бошқа раҳбар ходимларни бирма-бир тергаган ва танқид қилган.

35 дақиқадан кўпроқ вақт давом этган янги видеода Шавкат Мирзиёев, айниқса, молия тизими вакилларини аёвсиз танқид қилаётганини кўриш мумкин. Президент Риштон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосарига юзланади.

«Бош вазирнинг ўринбосарини, сизнинг раҳбарингизни алмаштирдим. Чунки унинг оёғи ердан узилганди, одамлар билан ишлашга тоқати йўқ эди. Фақат қоғоз бўлса, олийжаноб гаплар бўлса. Шунинг учун иқтисод ўлди.

Саккиз фоизмиш. Саккиз фоизлик ўсиш бўлган давлатда туберкулёз бўлмайди. Туберкулёз - овқат емагандан бўладиган касаллик», деган президент.

Президент йиғилиш давомида туман ҳокими ўринбосари Анваржон Холиқовни ишдан бўшатган.

Ҳамсуҳбатидан олдин қайси ишда ишлаганини сўраб, у Молия бўлими бошлиғи бўлганини билгач, президент уни истеъфога чиқаришини айтади.

«Молия бўлими бошлиғи бўлсанг, касалсан. Молиянинг аввалги раҳбарлари ҳаммаси касал бўлган. Фақат баландпарвоз гаплар. Мен бугун сени ишдан оламан, бошқаларга ибрат бўлсин. Бундай баландпарвоз гапирувчилар билан ишлашга тоқатим йўқ. Президент билан учрашувга нега тайёргарлик қилмагансан, нега аниқ режаларинг йўқ. Фақат умумий гаплар.

Бу "детсад" эмас, давлат бу. Қўлидан келмайдиганлар жойини бўшатиб қўйсин», деган президент.

Шундан сўнг, президент вилоятдаги барча туманларнинг раҳбар вакиллари бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга ҳисобот бериши кераклигини, йўқса улар ҳам ишдан кетишидан огоҳлантирган.

Ўтган ойда ушбу йиғилишдан 10 дақиқалик видео ҳам тарқалган, унда президент солиқчиларни қаттиқ танқид қилаётгани тасвирланганди.