Британиянинг автомобиллар сотиш бўйича онлайн-сервиси webuyanycar.com 2300 ҳайдовчи ўртасида уларнинг фикрича идеал автомобиль қандай бўлиши кераклигини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказди. Компания рассомлари сўровнома натижаларига кўра бундай идеал машинани "яратишди".
 
Ҳайдовчиларнинг фикрича, идеал автомобиль – бу Lamborghini Urus кузовига эга, ёрқин кўк рангга бўялган кроссовердир. Автомобилнинг олд қисми Alfa Romeo Giulia седани услубида яратилиши керак. Машина эшиклари Audi R8’дан, орқа аксқаноти эса Lamborghini Gallardo’дан олиниши лозим. Бундан ташқари, идеал машинада Honda Civic Type R машинасининг ғилдирак дисклари, олд ва орқа чироқлар эса BMW 6 сериясидан олиниши лозим. Бу машинани эса Bentley компанияси ишлаб чиқариши керак. 

Сўралганлардан ярмига яқини шахсий давлат рақамлари олишни, 33 фоизи эса машина уча олиши, 5 фоизи эса сув остида ҳаракатлана олиши кераклигини айтишган.

2015 йилда Warranty Direct суғурта компанияси “қўрқинчли” автомобиль – Horrific H-OWL3R концепциясини тақдим қилган. Бу машина турли моделларнинг энг кўп бузилувчи бўғинларидан ясалган. Машина Mazda5 подвескасини, Mitsubishi Outlander двигателини, Honda CR-V иқлим қурилмасини ва Lexus GS электр жиҳозларини олган.