Қирғизистон президенти Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан музокараларга тайёр. Бу ҳақда Сооронбай Жээнбековнинг ўзи журналистларга кеча маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугун, 30 ноябрь куни Минскда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг давлат раҳбарлари даражасида йиғилиши бўлиб ўтади. «Ташкилот етакчилари йиғилади. Мен саммит доирасида Нурсултон Назарбоев билан музокаралар ўтказмоқчиман ҳамда юзага келган вазиятни муҳокама қилмоқчиман», - дея айтиб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

Аввалроқ йиғилиш доирасида икки томонлама музокаралар режалаштирилмагани хабар қилинганди. Сооронбай Жээнбеков ва Нурсултон Назарбоев агарда имконият пайдо бўлса, масалани тор доирада муҳокама қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият 10 октябрь куни кескинлашди. Қозоғистон фитосанитар назоратни кучайтирди. Алмазбек Атамбоев президент лавозимидан кетишидан аввал қўшни давлат қадамини блокада сифатида баҳолади. Чегарада эса ҳамон ҳар куни юзлаб юк машиналари тўпланиб қолмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон парламенти сенати раиси Қосим-Жўмард Токаев Қирғизистоннинг ўз лавозимини тарк этган собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга “соғайиб кетишни” тилаганди. Унинг билдиришича, Викиликсда АҚШ элчиси Янгнинг туркиялик шифокорлар маълумотларига таянган хабари эълон қилинган бўлиб, унда Атамбоевнинг руҳий касаллиги ва алкоголга муккасидан кетгани айтилган.