Қуйида энг ноодатий пул бирликлари бешталиги келтирилган.

Концентрацион лагердаги банкнота (Чехия)

Бу банкноталар нацистлар томондан Чехиянинг Терезин шаҳридаги Терезиенштадт концентрацион лагери ичида қўллаш учун яратилган. 

Бу лагер нацистларда “намунавий” ҳисобланган, у Қизил хоч ва бошқа халқаро ташкилотлар вакилларига яҳудийлар билан яхши муносабатда бўлинаётганига мисол тариқасида намойиш қилинган. Бу лагерда синагогалар, маърузалар заллари фаолият юритган, журналлар чоп этилган, спектакллар ва кўргазмалар ўтказилган.

Оддий қоғозда чоп этилган 10 ва 20 кронлик банкноталар Қизил хоч учун “хўжакўрсинга” яратилган ва ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган ҳамда ҳеч қачон қўлланмаган.

Диктаторнинг юзи кесиб олинган банкноталар (Заир)

1997 йилда Заирда (ҳозирда Конго Демократик республикаси) Жозеф Мобутунинг тоталитар тузуми ағдарилган. Янги ҳукумат нақд пул етишмаслигига учраганда, эски 20 минглик заир пул банкноталарини ундаги диктатор Мобуту суратини қирқиб олиб, вақтинчалик қўллашга қарор қилган.

100 триллион доллар (Зимбабве)

2009 йил январда Зимбабве захира банки 100 триллион Зизбабве долларини чиқара бошлаган. Бу вақтга келиб Зимбабведа инфляция даражаси жаҳонда энг юқори даражага етган. Суратдаги банкнотани бор-йўғи 300 АҚШ долларига айирбошлаш мумкин бўлган.

2008 йил июлда Зимбабведа инфляция ақлбовар қилмас даражага – 231 млн фоизга етган. Бир буханка нон 300 миллиард Зимбабве доллари турган.

100 миллион миллиард пенго (Венгрия)

Иккинчи жаҳон уруши олдидан Венгрия пенгоси тарихда қайд қилинган энг юқори инфляцияга учраган. 1946 йилда Венгрияда 100 миллион миллиард пенго қийматдаги банкноталар пайдо бўлган. Агар бу қиймат рақамларда ифодаланса бундай кўриниш олади: 100 000 000 000 000 000 000 (1 дан кейин 20 та нол) пенго.

Бу вақтда Венгрияда нарх-наво деярли ҳар 15 соатдан кейин 2 баробар қимматлаб борган. Шу сабабли 1946 йил июлда Венгрия ҳукумати пенгони тугатиб, унинг ўрнига форинт пул бирлигини киритган ва у ҳозиргача Венгриянинг расмий пул бирлиги бўлиб қолмоқда.

Суратлардаги банкноталар ҳақиқатда босиб чиқарилган, бироқ муомалага киритилмай қолиб кетган.

Дунёдаги энг қадимий банкнота (Хитой, 1380 йил)

Қоғоз пуллардан маълум бўлган энг қадимийси Хитойда милоддан аввалги 800-йилларга тааллуқлидир. 

Суратдаги банкнота эса бизнинг кунларгача сақланиб қолган энг қадимий банкнотадир. У 1380 йилда босиб чиқарилган.