Ўзбекистон ва Афғонистондаги Бағлон вилояти ўртасида янги электр узатиш линиясини қуриш нафақат йирик саноатчиларга фойда келтиради, балки хусусий сектордаги электр энергияси етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради, деб хабар қилмоқда TOLOnews.

Афғонистон Миллий энергетика компанияси (DABS) расмий шахслари 19 ноябрь куни Ўзбекистондаги Сурхондарё ва Афғонистон шимоли-шарқидаги Бағлон вилоятида жойлашган Пули-Хумри ўртасидаги янги энергетик лойиҳанинг қурилиши яқин вақт ичида бошланишини маълум қилишди.

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида Сурхондарё-Пули-Хумри йўналиши бўйича электр энергиясини узатиш лойиҳаси икки мамлакат вакиллари томонидан Ашхободда 14-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Афғонистонда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Минтақавий конференция (RECCA) доирасида мувофиқлаштирилди.

«Бу лойиҳа Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг бошланади. Кейинчалик биз амалий ишларни бажаришга ўтамиз», - дея айтиб ўтди DABS раҳбари Омонулло Ғолиб.

Янги энергетик лойиҳа билан асосан саноат учун ишлатиладиган электр энергияси етказиб берилади.

Президент Ашраф Ғаний 19 ноябрь куни Ўзбекистонга режалаштирилаётган ташрифи давомида ушбу мамлакат билан 14 та битимни имзолаши ҳақида маълум қилди. Сурхондарё-Пули-Хумри йўналиши бўйлаб электр энергиясини етказиб беришга оид лойиҳа эса имзоланадиган битимлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 ноябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий ва президентнинг МДҲ мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди.