Москва шаҳрининг Замоскворецкий судида Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги собиқ раҳбари Алексей Улюкаев сўнгги сўз билан чиқиш қилди, деб хабар бермоқда «Газета.ru».

Унда Улюкаев ўзини гладиатор (қадимги Римда: цирк майдонида кураш туширилган қул ёки ҳарбий асир) билан таққослаган.

«Одамлар кекса гладиатор қалин қоғоз - картондан ясалган қилич билан ҳақиқий таҳдидлардан ўзини ҳимоя қилаётган томошага йиғилишди. Улар бармоқларини тепага кўтариш ёки пастга туширишга тайёрлар. «Ишлар қандай, ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?» деб сўрашмоқда. Қўнғироқ кимга атаб чалинаётганини сўраманг, у сизларга атаб чалинмоқда», - дея айтиб ўтган собиқ вазир.

Улюкаев сўзининг охирги қисми – англиялик шоир Жон Доннинг насиҳатидан, у машҳур ёзувчи Эрнест Ҳемингуэйнинг «Қўнғироқ кимга атаб чалинмоқда» романи номини олган. 

Шунингдек маълум бўлишича, Россия пойтахтидаги Замоскворецкий суди Алексей Улюкаевга «Роснефть» раҳбари Игорь Сечиндан 2 миллион доллар миқдорида пора олиш бўйича иш юзасидан ҳукмни 15 декабрь куни чиқаради.

«Суд ҳукм чиқариш учун чиқиб кетмоқда», - дея маълум қилган судья Лариса Семёнова.

Унинг сўзларига кўра, ҳукм 15 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 10.00 (Тошкент вақти билан 12.00)да маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ прокурор Россия собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевни “ҳукуматга ишончнинг йўқотилишига сабаб бўлган” порахўрлик ҳолати учун 10 йил қаттиқ режимдаги колонияда озодликдан маҳрум этиш ва 500 миллион рубль миқдоридаги жаримага тортишни сўрагани хабар қилинганди.