Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Евроиттифоққа ташрифи вақтида АҚШ президенти Дональд Трампнинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қарорини яна бир бор маъқуллади ҳамда буни европаликлардан ҳам кутаётганини айтиб ўтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Брюсселда ЕИ ташқи ишлар вазирлари билан учрашувидан аввал Нетаньяху Трампнинг фаластинликлар ва Европа ҳукуматлари томонидан қораланган қарори Яқин Шарқда тинчликни ўрнатишга кўмаклашиши ҳақида маълум қилди. У фаластинликларни Исроил – яҳудийлар давлати, ҳамда ал-Қудс – унинг пойтахти эканини тан олишга чақирди.

Бундан бироз аввал ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Евроиттифоқ ал-Қудс бўйича «халқаро консенсусга» риоя этиши ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия президенти Тоййиб Эрдўған Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари етакчиларининг фавқулодда саммитини Истанбулда 13 декабрь куни ўтказиш ташаббуси билан чиққани, бу АҚШ ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олгани билан боғлиқлиги маълум қилинганди.