Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрда ПҚ-3454 сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига биноан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларининг акциз солиғи ставкалари 2,2 баробарга оширилди.

Фильтрли ва фильтрсиз сигаретлар учун акциз солиғи ҳар 1000 донасига 37432 сўмдан 84222 сўмгача кўтарилган (ўсиш — 2,2 баробарни ташкил этади).

Қарорга кўра, Ўзбекистонга олиб кириладиган тамаки ва унинг ўрнини босувчилардан ясалган сигаретлар (код ТН ВЭД 2402 20) учун акциз солиғи ҳар 1000 донасига 18,2 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Тамаки ва унинг ўрнини босувчилардан ясалган импорт сигаретлар (код ТН ВЭД 2402 20 900 0) учун акциз солиғи 1000 донасига 90 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Сигаралар, икки чети қирқилган сигаралар, таркибида тамаки бўлган сигариллалар учун акциз солиғи ставкаси 1 донасига 0,42 АҚШ доллари даражасида қолдирилди.

Шунингдек, Президентнинг юқорида тилга олиб ўтилган қарорига биноан 2018 йил 1 январда республикада ишлаб чиқарилаётган алкоголь маҳсулотлари, спирт ва пивога ҳам акциз солиғи ставкаси оширилмоқда.

Ҳужжатга кўра, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб этил спирти учун тайёр маҳсулотнинг 1 декалитри учун акциз солиғи 7844 сўм (ўсиш — 25 фоиз), табиий винолар учун — 6994 сўм (ўсиш — 10 фоиз) этиб белгиланди.

Бошқа винолар учун тайёр маҳсулотнинг 1 декалитрига акциз солиғи 12 минг сўмгача ошган (ўсиш — 20 фоиз), коньяк учун 73997 сўм (ўсиш — 27 фоиз), ароқ ва бошқа кучли алкоголли маҳсулотлар учун 67571 сўм (ўсиш — 25 фоиз), пиво учун 7699 сўм (ўсиш — 20 фоиз) қилиб белгиланган.

Спиртнинг ҳажмдаги улуши 40 фоиздан ортиқ бўлган коньяклар учун акциз солиғи ставкаси тайёр маҳсулотнинг 1 декалитри учун 121928 сўм (ўсиш — 27 фоиз), спиртнинг ҳажмдаги улуши 40 фоиздан ортиқ бўлган арақ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар учун акциз солиғи 1 декалитрига 111339 сўм (ўсиш — 25 фоиз) қилиб белгиланмоқда.